Навоийда банк ходимлари ҳаракатланаётган «Nexia» ЙТҲга учрагани, оқибатда 8 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълум қилишича, вазият меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ҳодиса деб топилди.
Маълумки, 6 ноябрь, шанба куни, «Халқ банки» тизимида ҳам расман дам олиш куни. Бироқ марҳум ходимлар юқори турувчи раҳбарлар берган топшириқларни бажариш учун дам олиш кунида ишга чиқишга мажбур бўлган. Хабарларга кўра, шанба куни улар эрталабдан вилоят филиалидаги норасмий йиғилишга чақирилган. Лекин ўртада бирор-бир расмий хат ёки дам олиш куни ишга чиқиш, меҳнат мажбуриятлари билан шуғулланиш ҳақида буйруқ ёки қарор бўлмаган.
«Халқ банки» матбуот хизматининг ҳолат юзасидан билдирган муносабатида марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирилган, аммо қўшимча тафсилотлар, яъни нега айнан дам олиш куни ходимлари билан бундай ҳолат юзага келгани ҳақида ҳозирча изоҳ келтирмаган.