ШОҲ, ЙЎҒ-Э НОУТБУК… СОХТА ЭКАН…

                          

Бир миллион дастурчи лойиҳаси сизларга трали-вали эмас, жаноблар!

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятида ўтказилган танлов ғолибларига берилган эски ноутбуклар мавзуси эътирозли муҳокамаларга сабаб бўлиб турибди. Гарчи танлов ғолиблари қайта чақирилиб, уларга янги ноутбуклар топширилган бўлса-да, муҳокамалар тўхтагани йўқ. Ҳали-вери тинмаса ҳам керак, чунки эътирозли муносабат билдирмасликнинг иложи йўқ бу ҳолатга.

Ҳаммаси Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги Нурбулоқ маҳалласида яшовчи Сардор Сатторовнинг Телеграмдаги чиқишидан сўнг бошланди. Сардор видеомурожаатида ўзини 41-мактабнинг 8-синфида ўқишини, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўтказилган IT-танловнинг “Full-Stack” йўналишида туман ва вилоят бочқичларида қатнашиб, 1-ўринни қўлга киритгани ҳақида гапирган. “Биринчи даражали диплом ўрнига 3-даражали диплом ёзиб қўйибмиз, деб узр сўрашди, – дейди у. – Уйга келиб ноутбукни очиб кўрсак, ишлатилган ноутбук экан. Орқасида, 2-мактаб А.Абдумуродова, деб ёзиб қўйилган, жуда ҳам эски, иловаларидаги телеграм каналидан бу ноутбук Жўрақулов Шерзод исмли ўқитувчига тегишли эканлигини билиб олдим..” “Эскисини бергунча битта китоб билан диплом бериб қўйса бўлмасмиди… Шунчалик ҳам номардлик бўладими?.. Бу нима шармандачилик… Боламнинг шаштини синдирди…”, – эътирозини билдиради Сардорнинг отаси…

Дарҳақиқат, жуда шармандали ҳолат. Буни ижтимоий тармоқлардаги барча қайта-қайта таъкидлаяпти. Афсусланарлиси, эски ноутбук фақатгина Сардорга “тушиб” қолмаган экан, танловнинг барча ғолиблари шу тарзда “сийланган”. Мен, ҳа энди бирорта нафси бузуқ ўқитувчи ташкилотчилар кўзини шамғалат қилиб, билса ҳазил, билмаса чин, қабилида ноутбукни алмаштириб қўйгандирда, деган гумонга боргандим…

Журналист Ҳусан Карвонли ўзининг Фейсбук ва Телеграм каналларидаги постлари орқали бу ҳолат “шунчаки англашилмовчилик” эмаслигига ойдинлик киритади: “Бу йигитча Нуробод туманидаги 15-мактаб ўқувчиси Оғабек Собиров, – деб ёзади журналист Оғабекнинг суратини улашиб. – Ҳамқишлоғим. “Бир миллион дастурчи” танлови туман босқичида “Андроид иловалар” йўналишида 1-ўринни олган. Иншооллоҳ, ҳали миллионта ноутбукнинг пулини ишлайди. Лекин биринчи қатнашган танловида 1-ўринни олганида эски ноутбук беришгани ҳеч эсидан чиқмаса керак!”

Демак, англашиладики, танловнинг барча ғолибларига эски ноутбуклар берилган ва бу онгли равишда қилинган. Тармоқ фойдаланувчиси Urol Boyqobilov таърифи билан айтганда: “Ҳей, бир олис қишлоқдан келган бола-да… унга эскиси ҳам бўлаверади” – дея ўйлашганда, бундан ҳолат маориф ва маънавият тизимида тез-тез учраб туради. Энг ёмони, улар ёш иқтидорларни синдириб, “ўзлариникини” кўкка кўтаришади. Оқибати эса ўзингизга маълум…”

Сардор Сатторовнинг мурожаатидан кейин дарров мутасаддилар текширувни бошлашади, айбдорлар узр сўраб чиқади, деб ўйлагандим. Афсуски, анча суст ҳаракат қилинди. Бу орада Самарқандга борган бир гуруҳ блогерлар Сардорни топишиб, унга яп-янги ноутбук совға қилишга ҳам улгуришди…

Тўғри, шу воқеалардан сўнг туман босқичида танловнинг учта йўналишида 1-ўринни олган болаларга вилоят ҳокимлиги томонидан янги ноутбуклар берилибди. Нуробод тумани ҳокими ўринбосари эса ҳайфсан билан қутулибди. Аммо иккинчи ва учинчи ўринни олган болаларчи?

Яна karvonli.uz Телеграм каналига юзланамиз: “БЎЛДИМИ? ТУГАДИМИ? Уч йўналишда 1-ўринни олган болаларга янги ноутбук берилди.

Туман ҳокими ўринбосари ҳайфсан олди.

Туман ХТБ шўба бошлиғи ишдан бўшатилди.

Бўлдими?

Йўқ! Ҳали чаласи бор экан. 2 ва 3-ўринларни олган болаларга имзо ва муҳр қўйилмаган, имловий хатолари ғиж-ғиж диплом берилган.

Энг ёмони – уларга берилган совғалар қайтариб олинган!”

Ҳ.Карвонли бироздан сўнг танловда 3-ўринни олган Нурдум қишлоғидаги 35-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Озодбек Ғаниевнинг аудиохабарини жойлайди. Аудиохабарда Озодбек учинчи ўрин учун унга Редми телефони ва диплом совға қилингани, лекин суратга тушишганидан сўнг ўша телефонни қайтариб олишгани, дипломда имзо ҳам, муҳр ҳам йўқлиги, тағин ўша диплом учун йигирма минг талаб қилишгани, туман ҳокимлиги мудири бу ҳокимликнинг буйруғи дегани ҳақида гапирган. Бу йигит ҳам кейин барча ғолиблар каби туман марказига чақирилган, аммо натижаси ҳозирча номаълум…

Хуршид Ғозиев, Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғининг “Ёшлар” телеканали мухбирига берган жавоби ҳаммасидан ошиб тушди: “Болага агар тарбия бермоқчи бўлсак, биз бунақа йўналишни танламаслигимиз керак. Ҳар бир ота-онагаям тавсиям, бошқа журналист ва блогерларгаям тавсиям, болага эртага ўзингни ҳақингни талаб қил, мана бунақа ишларни амалга ошир эмас, яхши-яхши йўлларни ўргатсак, боллар эртага, келажакда ўзининг ўрнини топиб кетади. Лекин бунақа йўл билан ҳақини ажратиб олишни ўргатишни мен тўғри деб ўйламайман”.

Мухбир таъкидлаганидек, болага ҳақни ҳақ деб тарбия бериши керак бўлган педагоглардан бу гапни эшитиш… Юмшоқ қилиб айтганда, ачинарли.

Биринчидан, ҳеч ким бу болаларга шундай қилиб ҳақингни талаб қилиб чиқ, деб ўргатгани йўқ. Улар ўзлари онгли равишда мурожаат қилишди. Чунки улар “ай-ти”чилар, АКТ имкониятларини жуда яхши билишади, таъсир доирасини ҳам. Иккинчидан, бу каби қинғирликларга бугун индамасак, эртага баттар газак олиб кетиши мумкин. Вақтида тўғриланмаган хатонинг оқибати ёмон бўлишини педагоглар яхши билиши керак.

Фикрдан фикр туғилади, деганларидек, Фейсбукдаги изоҳимга Шахло Кодирова никли фойдаланувчидан шундай жавоб келди: “Қарши шаҳрида ҳаттоки конкурс бўлади деб ўқувчиларни йиғиб, телевидинияга видеога олиб, кейин ўтказилмай қайтариб юборишди, совғаларни ўзлари олишганми?” Сўнг исбот сифатида 2021 йилнинг 23 декабрида Фейсбукнинг “Халқ назорати” cаҳифасида улашган постини илова қилди. “Қашқадарё ҳокими ёки ўринбосарлари муаммони ўрганишга ҳаракат ҳам қилишмади” сарлавҳали ушбу постда ўтган йилнинг 18 декабрида Қарши шаҳрида ўтгазилган IT-танловидаги юзакиликлар ҳақида бонг урган. Постни озроқ таҳрирлаган ҳолда ҳавола қиламан:

“Ёлғондан ўтказилган “Ёш дастурчилар” танловига ғолибларни қандай аниқлашади ва ҳокимият совғаларини кимга беришади ёки совғаларни беришлари ҳам ёлғонми?

Ҳурматли Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов, илтимос, ёшларимизни синишига йўл қўйманг, бугун мактаб ўқувчиларини Информатика фанидан олимпиадаларга қатнашган, компютер соҳасига қизиққан ўқувчиларни “Ёш дастурчилар” танлови бўлади деб олиб бориб “O‘zbekiston 24” каналига жонли эфир қилиб, мақтаб кўрсатиб, кейин эса 18 ёшга тўлганлар қатнашади, дейишибди, ваҳоланки, мактаб ўқувчилари ҳали 18га киришмаган, кейин кимнинг ноутбуки бўлса, ўша қатнашади, деб алоҳида хонага олиб кириб, “бизга ҳокимият топшириқ берди, ғолибларни аниқлашимиз керак, проектлариз бўлса қолдириб кетинглар” деб жавоб бериб юборишибди… Танловда (тайёр) компютерлар тберилмайдими ёки аввалроқ шартлар эълон қилинмайдими? Ўғлим кетган вақтига ачиниб (қайтиб) келди. Олимпиадада биринчи ўринни олган ўқувчиларни ҳатто оддий кичкина совға билан рағбатлантиришмади, ноҳақликларни ўз кўзи билан кўриб, иккинчи қатнашмайман, деб кетишди ўқувчилар. Энди эса масхарабозларча телевидиние учун танлов ўтказилди деб кўрсатиб, расм тушириб, жонли эфир қилиб ёлғондан танлов ўтказилди деб ғолибларни аниқлаб ҳокимият СОВҒАсини беришмоқчи эмиш…

Қаршида дастурлаш бўйича ўқитувчилар етишмайди, талантли ўқувчиларни эса ёлғонлар синдирмоқда… Илтимос совғангиз ҳам керакмас, иқтидорли ёш дастурчиларимизни синдирманглар…”

Демак, ноутбук машмашаси, умуман, бу танлов теграсида бўлаётган ўйинлар фақат Самарқандда эмас…

Муҳокамаларда айримлар айбни фақат ўқитувчиларга қўймасликни таъкидлашган.

АБДУҒОФУР ШЕРХОЛОВ: “Эски ноутбук” воқеаси халқ таълими бошқаруви тизимларининг молиявий мустақил эмаслиги билан боғлиқ.

Бечора ўқитувчи нима қилсин? Халқ таълими муассасалари ўқувчилари (ҳатто ўқитувчилар ўртасида ҳам) ўртасида нима кўп, танлов кўп? Бошқарма бошлиқлари, бўлим мудирлари ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш масаласида ҳокимлик, молия идораларининг “ҳиммати”га маҳтал. Танловларга республикадан ажратилган маблағлар ҳам тўғридан-тўғри ХТБ идораларига келиб тушмайди,  ўртада “қароқчи”лар бор…”, деб ёзса, “Ўқитувчилар зиммасига юклангани сабаб шу ҳолат бўлган дейишяпти”, деб изоҳ қолдирган Назаров Дилшод.

Ҳам Самарқанд, ҳам Қаршидаги воқеаларни солиштирсак, бу лойиҳага кўпроқ ким, қайси ташкилот масъул эканлигини билишимиз қийин эмас.

…Яқинда Телеграм каналида бир одам тўйдан берилган эркаклар кўйлагини кўрсатиб куюкканди. Рўмолчадай келадиган кўйлак, фақат ёқаси бор, холос. Аммо жуда бежирим қоғоз қутига жойланган эди. Халқ тилида бунақа кўйлаклар “сарсон сарпо” дейилади. Ҳеч ким киймайди, лекин тўйма-тўй “юриб” кимнингдир кўнглини “олади”. Бунга кўпчилик таажжубланмайди, хотинларнинг ишида, деб қўяқоламиз. Самарқанддаги янги қутига жойланган эски ноутбук ҳам худди шунга ўхшайди. Аммо…

Аммо “Бир миллиончи дастурчи” (“One million uzbek coders”) лойиҳаси “хотинлар иши” эмас, бу давлат аҳамиятига эга лойиҳа! Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва IT-Park томонидан “Dubai Future Foundation” билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бу лойиҳага катта маблағ тикилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад жуда улкан: қисқа вақт ичида минглаб, миллионлаб ўзбек дастурчиларини етиштириш ва ёшларнинг ўзини ўзи банд қилишларини таъминлаш, қолаверса, жаҳонга юксак интеллектуал IT-мутахассисларни етказиб бериш. Бу қора меҳнат билан эмас, ақл билан пул топиш дегани.

Шундай экан, ҳурматли мутасаддилар, изланаётган, ғояларини ҳаётга татбиқ қилаётган фарзандларимиз шаштини синдирмайлик. Ноутбукка молиявий аҳволингиз танглик қилса, ростини айтинг, отахон айтганидек, битта китоб ҳам берақолинг. Болалар беғубор, сизни тўғри тушунишади. Лекин… қинғирликни ҳам эсдан чиқаришмайди!

Усмонжон Йўлдошев,

журналист