Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Ғиждувон тумани 4-сонли ички ишлар бўлими биносида бир фуқаронинг вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов туман ИИБ биносида ростдан ҳам бир фуқаро вафот этганини тасдиқлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан берилган маълумотга кўра, 17 январ кечки вақт Бухоро вилояти прокуратурасига Ғиждувон тумани 4-сонли ички ишлар бўлими биносида фуқаро И.Т.нинг вафот этгани ҳақидаги хабар келиб тушган.
Ҳодиса жойига вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи ва туман ҳокими ҳамда вилоят прокуратураси тергов-тезкор гуруҳи чиққан.
Аниқланишича, 17 январ куни Ғиждувон туман ички ишлар бошқармасига фуқаро Ф.Қ. ариза билан мурожаат қилиб, унда ҳудудда гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланиб келаётган «Аслиддин» исмли шахсга чора кўришни сўраган. Ариза асосида ички ишлар тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ариза муаллифи Ф.Қ.гa 3 дона «спички» ёзувли гугурт қутиларига жойлаштирилган 12,61 грамм марихуана гиёҳвандлик моддасини 1 миллион 350 минг сўмга сотган А.Р. ушланган.
Ашёвий далиллар билан ушланган А.Р. билан ўтказилган суриштирув жараёнида у марихуана гиёҳвандлик моддасини тумандаги «Ғишти» қишлоғида яшовчи И.Т.дан (1960 йилда туғилган) сотиб олгани ҳақида иқрорлик кўрсатмаларини билдирган.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида фуқаро И.Т. тумандаги 4-сонли ИИБга таклиф этилган. Ички ишлар бўлимига етиб келган И.Т.нинг соғлиги ёмонлашган ҳамда ички ишлар бўлими ходимлари томонидан зудлик билан тез тиббий ёрдам чақирилган. Бироқ етиб келган шифокорлар фуқаро И.Т.нинг вафот этганини қайд этган.
Вилоят прокуратурасининг тергов-тезкор гуруҳи томонидан 4-сонли ИИБ маъмурий биноси, хизмат хоналари ва бино ён атрофи кўздан кечирилиб, ҳолатга алоқадор излар ёки шубҳали ҳолатлар аниқланмаган.
Бундан ташқари, бинога ўрнатилган кузатув камералари кўздан кечирилган ҳамда уларнинг хотира мосламалари олиб қўйилган.
Шунингдек, И.Т.нинг ўғли Ш.Т. ҳодиса жойига чақирилиб, унинг иштирокида мурда кўздан кечирилган. Мурдани кўздан кечириш жараёнида унинг танасида жароҳатлар ёки унинг излари аниқланмаган. Тиббий экспертиза бирламчи хулосасига асосан фуқаро И.Т.нинг ўлимига юрак қон томирлар тромбози, ўпка яллиғланиши оқибатида келиб чиққан ўткир юрак қон томир етишмовчилиги сабаб бўлган.
Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмасининг маълумотига кўра, И.Т. муқаддам юрак хуружи бўйича даволаниб келгани ҳамда жарроҳлик амалиёти орқали битта буйраги олиб ташлангани аниқланган.
Ҳозирда фуқаро А.Р.дан гиёҳвандлик моддаси олингани ҳолати юзасидан Ғиждувон туман ИИБ Тергов бўлими томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Текширув давомида Ғиждувон туман ИИБ ходимларининг ҳаракатларига қонуний баҳо берилишини таъминлаш мақсадида хизмат текшируви тайинланган.