Навоийда ЙПХ ходимини калтаклаган ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилди

Навоийда автомобилни жарима майдонига олиб кетаётган ЙПХ ходими аёвсиз дўппослангани айтилган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Воқеа 22 январь куни соат 12:20 ларда, Навоий вилояти, Навбаҳор тумани ҳудудидан ўтувчи А-379 автомобиль йўлининг 3-километрида юз берган. ЙПХ ходими Matiz ҳайдовчисини тўхтатган. Текширув давомида ҳайдовчи йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиши ва унинг ёнида кунлик йўл варақаси мавжуд эмаслиги маълум бўлган.

Шундан сўнг ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига олиб кетилаётган вақтда ҳайдовчи А.Т. (1993 йилда туғилган) ҳайдовчи А.Т. (1993 йилда туғилган) ЙПХ инспекторининг хизмат олиб боришига тўсқинлик қилиб, унинг қонуний талабларини бажармасдан, уни ҳақоратлаб, ходимга нисбатан тажовуз қилган.

Ҳолат содир бўлган жойга туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳи ва прокуратура ходимлари чиқиб, ИИВ матбуот хизмати ишбу ҳайдовчи процессуал тартибда ушланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчи А.Т.га нисбатан Навбаҳор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 140-модда (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 219-модда (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.