Ўзбекистон Республикаси хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи, драматург Шароф Бошбеков бугун 71 ёшида вафот этди. Бу ҳақида Ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби Фозил Фарҳод хабар берди.
Ш. Бошбеков Самарқанд вилояти Булунғур туманида 1951-йил 4-январда туғилган.
1974-йили Санъат институтининг мусиқали актёрлик бўлимини тугатган. Тошкентдаги „Муқимий“ мусиқали театрида, Гулистондаги театрда актёр сифатида фаолият кўрсатган.
Ш. Бошбеков қаламига мансуб „Тақдир эшиги“, „Эски шаҳар Гаврошлари“, „Темир хотин“ каби асарлари театрлар репертуарларидан муносиб ўрин эгаллаган. Инчунин, „Темир хотин“ комедияси собиқ иттифоқ республикаларининг барчасида саҳналаштирилган.
Шароф Бошбеков драматургиясининг кучи (сеҳри) асар сюжетида эмас, ғаройиб характерлар ва тилидадир.
„Темир хотин“ асари учун драматург Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотига сазовор бўлган.
Ўзбек кино санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун „Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими“ унвонига лойиқ кўрилди (1999-йил). 2001-йилда „Меҳнат шуҳрати“ ордени билан тақдирланди.
Ogoh.uz таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.