«Ҳудудгазтаъминот» истеъмолчиларга мурожаат қилди

«Ҳудудгазтаъминот» газ таъминоти қайта тикланаётгани сабабли истеъмолчиларга мурожаат қилди.

Қайд этилишича, пойтахтда ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида газ таъминоти босқичма-босқич тикланаётгани муносабати билан «Ҳудудгазтаъминот» АЖ фуқаролардан уйлар ва хонадонлар ичидаги газ ускуналарини, хусусан, газ плиталарини, иситиш ва сув иситгич асбобларини ҳамда дудбўронларни пухта текширишни сўради.

«Маиший уй ёритгичлари ва бошқа электр жиҳозларини ёқишдан олдин хонага кириб, унинг ичида газ ҳиди (бошқа бегона ҳидлар) йўқлигига ишонч ҳосил қилишингиз ва фақат шундан кейингина электр энергиясидан фойдаланишингиз керак», дейилади хабарда.

Кўп қаватли турар жой биноларида замонавий электр асбоблари ва икки контурли қозонлардан фойдаланишда хавфсизлик техникасига амал қилиш зарур. Агар иситиш қозони ертўлада жойлашган бўлса, у соз аҳволда эканига ишонч ҳосил қилиш лозим.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ фуқаролардан иситиш мосламаларидан фойдаланишда ўта эҳтиёткор бўлишни ва «зангори» ёнилғидан оқилона, исроф қилмай фойдаланишни илтимос қилган.

Ҳисобга олиш (ўлчаш) асбоби ўчиб қолган тақдирда, барча газ ишлатадиган ускуналарни ўчириб қўйиш, сўнг марказий кўк рангли ENTER тугмасини уч марта босиб, 6 дақиқа кутиб туриш керак.

Газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун кеча-ю кундуз ишлайдиган Call-марказига (1104), авария-диспетчерлик хизматига (104) ҳамда Facebook ижтимоий тармоғидаги «Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал қилиш ёллари» жамоат гуруҳига мурожаат қилишингиз мумкин.