Етакчилик етаклаб келган муаммолар: ё имзо қўясан, ё ариза ёзасан!

Президент қарорига кўра, маҳаллаларда ёшлар билан ишлашнинг яхлит вертикал «маҳалла – туман – вилоят – республика» бошқарув тизими яратилиб, ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.

Ушбу етакчиларнинг штат бирликлари умумий ўрта таълим мактабларидаги 10 минг нафар ёшлар етакчилари штат бирликларини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилди.

Бир қарашда жуда оқилона қарор. Ҳеч ким ишсиз қолмайди, боз устига мактаблардаги етакчилар иш билан таъминланиши бўйича мутасаддилар зиммасига зарур ишларни амалга ошириш вазифаси юкланган.

Маълумотларга кўра, шу кунгача мактаб етакчиларидан 1376 нафарининг номзоди маҳалладаги ёшлар етакчилигига тасдиқланган, 24 нафари мактаб директорлигига, 177 нафари директор ўринбосарлигига, 2346 нафари бошқа лавозимларга ишга тайинланган.

Рақамларга ишонадиган бўлсак, ҳозиргача мактабда меҳнат шартномаси бекор қилинган ёшлар етакчиларининг 50 фоизидан ҳам камроғи иш билан таьминланган. Қолганларнинг дарди эса ўзи билан…

«Мутахассислигингга қараб мактабдан дарс берамиз дейишди. Ҳаракат қилган билан бефойда. Йўқ дарсни қаердан олиб беришади? У дарсни хам ўтаётган ўқитувчиларнинг ҳам оиласи бор, уларни кўзига ёмон кўрингандан кўра бошқа иш қидирган мақул…»

Ogoh.uz’га қўнғироқ қилиб бу гапларни айтган ёшлардан бирининг исм-шарифини келтириб ўтиришни маъқул топмадик.

Юқорида айтдик, маҳаллалардаги янги жорий қилинган лавозимга мактаб етакчилари орасидан саралаб олинади… Аммо «мен не дерман, қўбизим не дер…»

Яна айрим ёшларнинг фикрига қулоқ тутайлик:
«Қарор 19 январда чиқяпти, лекин йўқ штатга ноябрдаёқ суҳбат бошланган эди. Яна бир нарса, мактабдаги етакчилар штати тугатилади, ҳамма номзодини маҳаллага қўйсин, дейилса ҳеч ким хафа бўлмасди. Шунда энг билимли, муносиб номзод ўтарди. Бу ёқда эса анча аввалроқ от қамчиланиб, ими-жимида суҳбатлар, таниш-билишлар ҳақида етакчилар билмай ҳам қолишди…»

«Маҳаллалардаги ёшлар етакчиси лавозимига фақат эркакларни олишяпти, ҳозир бухгалтеримиз билан гаплашдим, уларга шундай топшириқ берилибди. Негаки, кечаси ҳам рейдга, мажлисларга боришга тўғри келар экан…»

Ана холос, мактабда ёшлар етачиси бўлиб юрган қанча-қанча қизларимиз нима қилсин энди?..

Вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси, Халқ таълими бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ходимларидан тузилган штаблар мактаб етакчиларини иш билан таъминлашга масъул эди-ку.

«Самарқанд вилоятида мактаб етакчиларини иш билан таъминлашга масъул штаб 22 январдан бошлаб, мактаб етакчиларининг барчаси ишга жойлашгунга қадар 9:00 дан 18:00 гача иш фаолиятини олиб боради. Айни пайтда штат қисқариши муносабати билан ишсиз қолаётган ёшлар етакчилари қуйидаги телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин:
+99866 233-70-32
+99866 233-70-49»

Бу хабар чиққанида ҳамма Самарқанд биринчи бошлади, яшанглар, деб қарсак чалганди. Аммо бизга мурожаат қилган мана бу ёшнинг гапларини эшитиб ҳафсаламиз пир бўлди:
«Зўр айёрлик, бу рақамларни уч кундан бери ҳеч ким кўтармайди. Шахсан ўзим эрталабдан буён 57 марта қўнғироқ қилдим. Қани энди кимдир жавоб берса… Ҳа, алдагани бола яхши, деганлари шу бўлса керак. Самарқандлик масъуллардан бундай «супер» айёрликни яқин орада бошқа ҳудудлар ҳам ўрганиб олса ажаб эмас.»

Ёшлар етакчиси штати қисқаришга тушди, ўзаро келишув асосида 2 ойлик огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилди. Бу вазиятда уларга 2 ойлик пуллик компенсациядан ташқари яна 6 млн. 897 минг сўм берилиши керак бўлади (уч ой учун агар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, агар рўйхатдан ўтмаса унда фақат 4 млн. 598 минг тўланади). Агар шартнома бекор қилинибоқ ишга кирганда эса фақатгина ишдан бўшатиш нафақасининг ўзи – 2 млн. 299 минг тўланади.

Аммо…

«Кўп етакчиларни 2-3 соат дарс билан алдашди, дарров 19 январдан буйруқ чиқаришди. Компенсация тўлаб бермаслик учун. Ҳаммаси пухта ўйланган»

«Шахсан менга 3 соат дарс беришди, кўнмагандим, ўз хоҳишим билан ишдан бўшашим хақида ариза ёзишимни сўради директор»

«Эҳҳе, бизлар бу ерда ёниб куйиб неча кундан бери муҳокама қиламиз. Лекин ҳеч кимнинг иши йўқ. Кўп етакчилар узоқдан қатнашади, 2, 3, 4 соат дарс беришяпти, йўл ҳақигаям етмайди»

Бу билдирилган фикрлар Самарқанд, Сурхондарё, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳри (Сергели тумани)даги ёшлар етакчиларининг муҳокамаларидан олинган.

Мурожаатчиларимиз исмни, ўзлари ишлаётган мактабни ошкор қилмасликни илтимос қилишди. Қолган 400 минг ойликдан ҳам қуруқ қолишдан қўрқишгандир эҳтимол…

Кўриб турганингиздек, юқорида чиқарилган хайрли ташаббусларнинг ҳаммаси ҳам қуйи бўғинларга келганда рисоладагидек амалга ошмаяпти. Минглаб одамлар ишсиз қолганига яраша, маҳаллаларда «сараланган» етакчиларнинг азму шижоати билан бирор ўзгариш бўлармикан?! Ёки уларнинг ҳам вақти қоғозбозлик, ҳисобот билан ўтадими?

Яқинда жорий этилган ҳоким ёрдамчиси лавозими ҳам одамлар муаммосини аниқлаш, ҳал этиш учун йўлга қўйилган эди. Оддий фуқаро сифатида бизнинг маҳаллага ким ҳоким ёрдамчиси бўлиб тайинланганлигини билмайман ҳам, ҳаттоки уйма-уй юриб танишиб чиққанини ҳам эшитмадим…

Шахруза Сатторова