Бугун 30-январ Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг таваллуд куни

Бугун 30-январ Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг таваллуд куни.

Ислом Каримов 1938-йилнинг 30-январ куни Самарқандда таваллуд топган.

1945 йилда Самарқанддаги А.С.Пушкин номидаги 21-мактабга ўқишга кириб, уни олтин медаль билан тамомлади. Ўқувчилик йиллари мобайнида кўп адабиётларни, айниқса, тарих бўйича адабиётларни ўқиди. У аниқ фанларни ёқтирарди, шахматга, моделлаштириш ва стол теннисига қизиқарди.

1955 йилда Ислом Абдуғаниевич Ўрта Осиё политехника институтига ўқишга кирди. 1960 йилда уни тамомлаб ва “муҳандис-механик” мутахассислиги бўйича диплом олиб, “Тошсельмаш” заводида ўз меҳнат фаолиятини бошлади ва қисқа давр ичида уста ёрдамчиси, уста ва технолог каби лавозимларда ишлашга улгурди.

1961 йилда у собиқ Совет Иттифоқининг ҳарбий-саноат мажмуасининг йирик корхоналаридан бирида – Тошкент авиация заводида муҳандис лавозимига тайинланди. Бу ерда у 1966 йилгача ишлаб, етакчи муҳандис-конструктор лавозимигача кўтарилди.

1973 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтида “Ўзбекистон ССР саноатининг тармоқ тузилиши ва уни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1975 йилда Москвада нуфузли Халқ хўжалиги бошқаруви институтида иқтисодий-математик усуллар ва ҳисоблаш техникасини қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш ва режалаштиришни бошқариш, ташкил қилиш замонавий усуллари соҳаси бўйича таҳсил олди.

1994 йилда унга иқтисод фанлари доктори илмий даражаси, “макроиқтисодиёт” ихтисослиги бўйича профессор илмий унвони берилди. У Ўзбекистон Фанлар академиясининг “иқтисодиёт” ихтисослиги бўйича ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

1966 йилдан эътиборан Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон Давлат режа қўмитасига ўтиб, фан бўлими бош мутахассиси лавозомидан Давлат режа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача йўлни босиб ўтди, жиддий ва ўзига хос фикрлайдиган истеъдодли иқтисодчи обрўсига эришди.

1983 йилда Молия вазири, 1986 йилда Министрлар Кенгаши раисининг ўринбосари – Ўзбекистон Давлат режа қўмитаси раиси бўлди.

1989 йил 23 июнь куни И.А.Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби этиб сайланди ва ўша вақтда фожеали воқеалар рўй берган паллада Ўзбекистон бошқарувини ўз зиммасига олди.

Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари этиб сайланганидан кейинги кунидаёқ, яъни 1989 йил 24 июнда ҳукумат йиғилишида у қатъиян: “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, деган фикрни илгари сурди, шунингдек, қадамба-қадам республикамизни ривожлантириш бўйича чуқур ўйланган ўз дастурини татбиқ этишга киришди.

1991 йил 31 август куни И.Каримов тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.

1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра, И.Каримовнинг президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди.

2000 йил 9 январда муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, И.Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

2007 йил 23 декабрида муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, И. Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

2015 йил 29 март куни муқобиллик асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ Ислом Каримов 5 йиллик муддатга мамлакатнинг олий лавозимига сайланди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов 2016 йил 2 сентябрда 78 ёшида вафот этди.

Марҳумларнинг охирати обод бўлсин!