Пойтахтимизда жойлашган ҳайвонот боғида она ўз боласини айиқ сақланадиган тўсиқ ичига ташлаб юборганлиги ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган хабарларга Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси муносабат билдирди.
Ўрганишлар давомида ҳодиса иштирокчилари — 1991 йилда туғилган, Тошкент шаҳар Сергели тумани “Қумариқ” маҳалла фуқаролар йиғини Обод кўчаси
45 уйда яшовчи фуқаро З.Т. ва унинг 2018 йилда туғилган қизи, фуқаро З.А. эканлиги, фуқаро З.Т. ҳозирга қадар ўз отаси, фуқаро Ю.Т.га тегишли мазкур хонадонда 2 нафар фарзанди билан истиқомат қилиб келганлиги аниқланди.
Фуқаро З.Т. билан суҳбат давомида пойтахтимиздаги олий ўқув юртларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаши, турмуш ўртоғи, 1990 йилда туғилган, айни вақтда Россия давлатига кетган фуқаро Н.К. билан ҳозирда бирга яшамаётганлиги сабабли руҳий тушкунликка тушиб қолганлиги маълум бўлди.
Фуқаро З.Т. оиласи билан муқаддам Сергели туманидаги “Янги Бунёдобод” маҳалласида ижарада яшаган. Ажрим ёқасидаги мазкур оиладаги ҳолат “Янги Бунёдобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Юлдашева, хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор О.Ашурова томонидан кўп бора ўрганилган, оилани яраштириш чоралари кўрилган.
Фуқаро З.Т. 2021 йилда “Аёллар дафтари”га киритилган ва унга уй-жой ва ажрим масаласида зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Шунингдек, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан унинг оиласига икки бор озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган,- дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳодисадан жабрланган қизга барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Шунингдек, мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.