Ижтимоий тармоқларда хориждан ўқишни кўчириш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов иштирокида видеоселектор йиғилиш ўтказилгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ЁЛҒОН. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълум қилди.
Хабарга кўра, вазир иштирокида ўқишни кўчириш мавзусига оид ҳеч қандай видеоселектор йиғилиши бўлгани йўқ. Хориждан ўқишни кўчириш амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги тартибга кўра амалга оширилмоқда.
Шунингдек, вазирлик ижтимоий тармоқ фаолларини ҳар хил сохта ахборотларга ишониб қолмасликларини, юқорида айтилган мавзуга доир ҳар қандай хабарнинг ҳақиқийлигини вазирликнинг телеграмдаги расмий саҳифасидан текшириб ўтиш кераклигини таъкидлаб ўтган.
Маълумот учун, асоссиз ва ёлғон ахборотни тарқатганлик учун қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланган.