Ўзбекистонда бирламчи тиббиёт муассасаларидаги мавжуд 26 турдаги журнал ҳамда 33 турдаги ҳисобот шаклларининг бир қисми амалиётда кераксиз, деган хулосага келинди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
2021-йилнинг ноябр охирларида Соғлиқни сақлаш вазирлигида Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ тиббиёт ходимлари билан ўтказилган учрашувда амалиёт учун фойдали бўлмаган, ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқараётган ҳужжат ва ҳисобот шаклларини қайта кўриб чиқиш ҳамда қисқартириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилганди.
Шу сабабли амалиёт учун фойдали бўлмаган ҳужжат ва ҳисобот шаклларини қисқартириш юзасидан махсус ишчи гуруҳ тузилган эди. Ўтган қисқа вақт ичида вазирлик томонидан тузилган ишчи гуруҳ бу борадаги вазиятни чуқур ўрганиб, мавжуд 26 турдаги журнал ҳамда 33 турдаги ҳисобот шаклларидан бир қисми амалиётда кераксиз, деган хулосага келган.