1,64 млн АҚШ долларининг мамлакатимиздан ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган ва Андижон вилоятлари бўйича Бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда катта миқдордаги чет эл валютасини ноқонуний равишда хорижга чиқариш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Хусусан, тадбир давомида Андижон вилояти Қўрғонтепа туманининг чегараолди ҳудудида яшовчи, 1990 й.т. маҳаллий фуқаро бошқарувидаги «Дамас» русумли автомашина тўхтатилиб, текширилганда, унинг салон қисмида 968 минг 900 АҚШ доллари борлиги маълум бўлди ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. 

Шунингдек, ушбу тумандаги ёғоч бозори ҳудудида уни кутиб турган, 1964 й.т., муқаддам судланган жиноий шериги ҳам ушланиб, унинг «Дамас» автомашинаси салонида бўлган 672 минг 206 АҚШ доллари ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтиб, яшаётган ушбу жиноий гуруҳ етакчиси, қирғизистонлик 1974 й.т. шахс Тошкент шаҳрида ҳамда гуруҳ аъзолари бўлмиш 5 нафар Қирғизистон Республикаси фуқаролари Андижон шаҳрида қўлга олинди.

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида жами 1 млн. 641 минг 106 АҚШ долларининг мамлакатимиздан ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 182-моддасининг 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.