Хабарингиз бор, 10 январь куни «Nasafnews.uz» сайтида «Қашқадарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбарияти ЙПХ инспекторларини кўпроқ «протокол» тузишга мажбурламоқда» номли мақола ва аудио эълон қилинган.
Хабарларда Қашқадарё йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбариятининг айрим хатти-ҳаракатлари меҳнат қонунчилигига зид экани, бу борада бир гуруҳ ЙПХ инспекторлари томонидан мурожаат йўллангани айтилади.
Энг қизиғи, Қашқадарё вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳриддин Қўшоқов инспекторларга «20 та баённома ёзасан, маст ҳайдовчи ушлайсан» деб юклама қўйган.
Сайтнинг бу борадаги хабарларига муносабат билдирган Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолат юзасидан хизмат текшируви бошланганини маълум қилди.
«Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари Ш.Қўшақов ва навбатчи Э.Алимовлар томонидан ЙПХ ходимлари кун давомида 20 та маъмурий баённома расмийлаштириши зарурлиги айтилган аудио ўрганилмоқда. Ушбу хабар юзасидан ИИВ ЖХД ЙҲХХ томонидан хизмат текшируви ўтказилиши белгиланди», – деб муносабат билдирилди.
Аммо орадан шунча кун ўтса ҳамки, мазкур ўрганиш натижалари жамоатчиликка маълум қилинмаяпти. Ҳаммаси кундек равшан бўлиб турган ҳақиқатни Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳали ҳам излаб юрган кўринади.
Ўз-ўзидан Қашқадарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбариятининг «қилмиши босди-босди» қилинмоқдами деган ҳақли савол пайдо бўлмоқда. Балки Қашқадарё ЙҲХБни назорат қилувчи юқоридагиларни бу саволларга жавоб бериш вақти келгандир?!
Хўш, ЙПХ инспекторларни кўпроқ протокол тузишга мажбурлаганларга жазо бериладими? Ёки «ўрганилмоқда» деб жамоатчилик воқеликни унутиб юборишини кутяпсизларми?