Тафаккур вақти: Ҳотами Тойи ва бир гадонинг ҳиммати

Ҳотами Тойи ҳикоясиким, у ҳиммат ва саховат кишиларига пешво эди; унинг меҳмондорчилигига таъзим билан бош урмаган бир гадонинг ҳимматини кўриб, Ҳотами Тойининг у гадога тан бергани

Ҳотами Тойига бир кўнгли очиқ одам деди:
— Эй, ҳимматда эркин табиат киши, сахийлик кафтингга одат бўлганидан буён ўзингга ўхшаган кишини ҳеч кўрдингми?
У деди:
— Бир кун мен ҳамма учун йиғин қилдим. Унга ўша чўлдаги одамларнинг ҳаммасини чақирдим. Пишириш учун юзта туя қурбон қилинди; сўйилган қўй-қўзиларнинг нам сон-саноғи йўқ эди. Базм бўлиб турган вақтда бирпас ҳаво олгим келиб, дашт томонга чиқдим. Айланиб юриб, меҳнатда эзилган бир қари чолни кўрдим. У орқасига бир қучоқ тикон-ўтин ортган эди. Гавдасини у юк эгиб, вужуд уйига ҳассадан устун тиркаган эди. Ҳар қадам ташлаганда, бирпас тўхтаб, ҳар дам олганда маълум бир фурсат ўтарди. У чекаётган азоб ўти кўнглимни ёндириб, раҳм-шафқат билан унга шундай хитоб қилдим:


— Эй қаддини машаққат юки буккан, танасида ғам тиканлари ўрнашган одам! Даштда юриб хабаринг бўлмадими? Нега Ҳотамнинг уйига бормадинг. У ҳаммани ўзининг уйига чақириб, яхши-ю ёмонни бугун меҳмон қилиноқда-ку. Ўтинни ташла, иззат гулшанига бор, машаққат чекиб ўлтирмай, тур, чақириққа бор!


У менинг унинг аҳволидан изтироб чекканимни тушуниб, бош кўтариб кулди-ю, шундай жавоб берди:
— Эй, оёғини очкўзлик банд этган, бўйнига ғараз ва қизғончиқлик сиртмоқ бойлаган, эй ғайрат водисида қадам босмаган, ҳиммат қалъасига байроқ тикмаган одам, сен ҳам бу тикан ташиш азобини тортиб кўр. Ҳотами Тойи миннатини эса торта берма. Қийналиб, машаққат билан бир танга топиш биров берган хазинадан яхшироқдир.
Унинг сўзлари шундай ўринли эдики, шунинг учун ҳам унинг ҳиммати меникидан ортиқ эди.

Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан