Ҳар бир ишда эҳтиёткорлик ва зийракликни қўлдан бермаслик лозимдир. Бу хислатларни йўқотган киши ҳийлакор, доғули, товламачиликни ўзига касб этиб олган фирибгар, қаллобларга алданиб, кейин пушаймон бўладилар. Вақти ўтгандан кейин пушаймон бўлиш фойда бермайди.
Қадим замонда Эрон шаҳарларининг бирида Алоуддин номли мўътабар бир киши яшарди. Кунлардан бир кун кечаси яхши кийинган хушбичим бир йигит хизматчисига бир сандиқни кўтартириб Алоуддиннинг уйига келди, унинг хизматчисини чақириб:
— Ҳожангга айт, мени қабул қилсин, унга айтадиган яширин сўзим бор,— деди. Хизматчи йигитнинг илтимосини ҳожасига етказди. Алоуддин киришга рухсат берди. Йигит сандиқ кўтарган хизматчиси билан Алоуддиннинг ҳузурига кириб, таъзим билан салом берди. Алоуддин йигитни иззат-икром билан қабул қилиб, нима иш билан қадам ранжида қилганини сўради. Йигит таъзим қилиб:
— Мен қароқчи, ўғриларданман. Шу касбимнинг ярамаслигини билиб тавба қилдим. Мана бу сандиқ ичида эллик минг олтин баҳосида бўлган нарсалар бор, буларни сизга назр этиб келтирдим. Буларни олиб, ўз ҳалол пулингиздан минг олтин берсангиз, уни дастмоя қилиб ишлатаман,— деди ва сандиқни очиб кўрсатди.
Сандиқ ичи олтин идишлар, лаъл, ёқут, гавҳарлар билан лиқ тўла эди. Алоуддин буни кўриб ҳайратда қолди. Дарҳол у йигитга минг олтин санаб берди. йигит минг олтинни олгандап кейии Алоуддин билан хайрлашиб, хизматчиси бнлан бирга чиқиб кетди.
Эртаси кун эрталаб Алоуддин гавҳаршуносларни чақириб, уларга сандиқдаги нарсаларни кўрсатди.
Ҳамма олтин, гавҳар идишлар, лаъл, ёқутлар олтин ҳалли шиша эканлиги билинди.
Алоуддин қаллобнинг ишидан жуда ранжиб хизматчиларига уни топиб келтиришни буюрди. Хизматчилар у йигитни суриштирдилар, изладилар, лекин ҳеч ердан дарак топмадилар. Ҳатто Алоуддиндек киши ҳам эҳтиётсизлик туфайли алданиб қолди.
Байт:
Эҳтиёт бўл ҳар ишингга бўлма қаллоб ўртоғи,
Йўқ эса, тушгай бошингга бир куни қайғу тоғи.