Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари 40 000 доллар билан ушланиб, қўлга олинган.
Аниқланишича, у Оққўрғон туманида жойлашган фермер хўжалигига тегишли бўлган суғориладиган 35 гектар ер майдонини сотиш ва ҳужжатларни туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига келишилган 90 000 АҚШ долларидан 40 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари билан биргаликда ер олди-сотдиси билан шуғулланувчи “маклер” ҳам қўлга олинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-6-моддаси (Суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи процессуал тартибида ушлангани айтилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими ўринбосари 80 000 АҚШ долларининг 50 000ни олаётганида қўлга тушгани ҳақида хабар берган эдик.