Шавкат Мирзиёев 10 феврал куни Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида қурилган туннелни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, бу икки кўча шаҳардаги энг катта, серқатнов йўллардан ҳисобланади. Туннел қурилиши натижасида транспортлар ҳаракатига қулайлик ошиб, тирбандлик бартараф бўлди. Унинг узунлиги 120, кенглиги қарийб 27 метр.
Рудакий кўчасида автомобил ва трамвай йўли, пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилган. Ҳудуд ободонлаштирилган. Шу ерда Самарқандда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича келгуси режалар ҳақида маълумот берилган.
«Охирги йилларда Самарқанд ҳар томонлама ривожланаяпти. Лекин ҳали одамларга қулайлик ва хавфсизлик жиҳатидан кўп иш қилиш керак. Бу ерда ҳам йил сайин машиналар кўпаяяпти. Йўллар, светофорлар эса деярли ўша-ўша. Шунинг учун бу соҳага ихтисослашган илмий-амалий марказ ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Улар хориж тажрибасини ўрганиб, жорий этиши, қайси йўлни кенгайтириш, қаерга йўлак қуриш, қаерда светофорни олиб ташлаш бўйича таклиф ишлаб чиқиши керак», — деган президент.
Шавкат Мирзиёев мазкур туннел яқинида, Бўстонсарой кўчасида қурилган галерея услубидаги кўприкни ҳам кўздан кечирган. Шу пайтгача йўлнинг Сиёб канали устидан ўтган қисми анча паст бўлиб, ёғингарчилик пайтида транспорт ва пиёдалар учун ноқулайлик туғдириб келган. Шу боис йўл 23 метргача кўтарилиб, эни 31 метргача кенгайтирилган. Йўлнинг икки четида ҳимоя воситаси, шовқин камайтирувчи тўсиқлар ўрнатилган. Пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилган.
Аввалроқ давлат раҳбари Самарқанд халқаро аэропортини кўздан кечирган эди.