Президент бугун машинасозлик бўйича йиғилиш ўтказиб, «растаможка»ни 2 баравар қисқартиришни, машинага навбатларни 1 майгача йўқотишга, олдиндан тўловни 85 фоиздан 50 фоизга туширишга топшириқ берган.
Ҳамма хурсанд, импорт божи, олдиндан тўлов камаяркан, навбатлар 1 майгача йўқ қилинаркан. Хўш, аслида бу қувонадиган ҳолатми? Қисман суюнса бўлади, сал-пал енгиллик бўлади, лекин жиддий эмас, деб ёзмоқда Zed News телеграм канали.
Аввало импорт божи миқдори машинани Ўзбекистонга олиб киришда ҳеч қанча аҳамият касб этмайди. Машина нархи двигател ҳажми, эски-янгилиги, логистика харажатлари ва ҚҚС билан жуда қимматлашиб кетади.
Мана бу ерда биз ҳаммасини аниқ ҳисоб-китоб қилиб қўйганмиз ():
Энди навбатлар ва олдиндан тўловга келсак. Яримўтказгичлар бўйича умумжаҳон сабабли ишлаб чиқариш тўхтатилган, демак, 1 майгача бундай катта ҳажмдаги машиналарни ишлаб чиқариб, кейин етказиб бериш шунчаки имконсиз.
Албатта, истаса, магнитофонсиз, ёритгич ва иситгичларсиз, яна бир нималарсиз чиқариши мумкин, бизнинг харидорлар сотиб олаверади, уларга 4 та ғилдираги бўлиб, юриб турса бас.
Олдиндан тўланадиган 85 фоизлик тўловнинг 50 фоизга туширилиши ҳам ҳеч нимани ўзгартирмайди. Uzauto Motors сал камроқ фойда кўради холос. Яъни ҳали йўқ машинага 85 фоиз олдиндан пул олиб, уни 9 ойгача «оборот» қилиб ишларди (9 ой кутишнинг бошқа тахмини ва сабаби йўқ), энди шу сумма 50 фоизга туширилади холос.
Масалан, бугун пул тўлаб, эртага машинани миниб чиқиб кетсангиз (бутун дунёдаги каби), мана бунга қувонса бўлади. Истаган «иномарка»ни ҳеч қандай солиқ ва божларсиз, эркин олиб киролсангиз, мана буниси хурсандчиликка сабаб бўлар балки.
Лекин булар бутун дунёда оддий ҳолат холос. Бизда эса монополия бор, буни ўзлариям тан олган аммо биров индай олмайди. Шунинг учун ҳам ЖСТга қўшилиш чўзиляпти.