Бир юлдузшунос олим ҳар куни кечқурун уйидан чиқиб, осмондаги юлдузларни кузатарди.
Мана, бир куни у шундай сайрга чиқиб, бутун хаёли осмондаги юлдузлар билан банд бўлган ҳолда йўл ёқалаб кетаверди ва бехосдан бир қудуққа тушиб кетди. Шу заҳоти у уввос солиб, одамларни ёрдамга чақира бошлади.
Бу ердан ўтиб кетаётган бир киши олимнинг дод-войини эшитиб, қудуқ бошига келди ва не ҳол юз берганини билиб унга деди:
— Сени қара-ю! Осмонда нималар бўлаётганини билмоқчи бўласану, ерда, оёғинг остида нималар борлигини кўрмайсан.
Бу масални ҳамма осонгина бажара оладиган энг оддий ишни ҳам уддалай олмайдиган, лекин оламшумул мўъжизалар ҳақида билағонлик қилиб, катта нутқлар сўзлайдиган одамларга нисбатан қўлласа бўлади.
Манба: Эзоп масаллари.
Таржимон: Дилмурод Қуронов