АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзагроинспекция» ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева ёғ-мой корхоналарида назорат тадбирларини ташкил этиш юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг шу даврига қадар 550 га яқин ёғ-мой корхоналарида текширишлар ўтказилган. Корхоналардан 322 тасининг фаолияти пахта техник чигитини, 100 таси бошқа мойли ўсимликларни қайта ишлаш фаолияти билан, 97 таси эса умуман бошқа фаолият тури билан шуғулланиши ҳамда 28 таси ўз фаолиятини тўхтатганлиги аниқланган.
Мавжуд камчилик ва қонун бузилишлар юзасидан корхоналарга нисбатан жами 556 та таъсир чоралари кўрилиб, шундан 199 та огоҳнома, 350 та кўрсатма ва 7 та тақдимнома киритилган.
Бундан ташқари, 39 та ёғ-мой корхоналарига оид тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. Шундан 23 таси судларга ва 16 таси прокуратура органларига тақдим қилинган.
Талабларига жавоб бермаслиги аниқланган 20 та ёғ-мой корхоналари томонидан техник чигитни биржадан харид қилмасдан тўғридан-тўғри харид қилингани ва тўлиқ технологик цикли мавжуд бўлмаса-да, ноқонуний қайта ишлагани аниқланган.
Ҳолат юзасидан ёғ-мой корхоналарга оид тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, жумладан, прокуратурага, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва судларга юборилган.