Тошкент ҳокими олдин ишлаган компаниялари Artel ва Akfa томонидан шаҳарга кўрсатилаётган ҳомийлик ёрдами ҳақидаги саволлардан чарчаганлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, компаниялар баъзи активларини сотиб, маблағларни шаҳардаги лойиҳаларга ҳомийлик қилишга йўналтирмоқда. Жаҳонгир Ортиқхўжаев қилган савоб ишлари ҳақида ҳеч кимга айтмаганлигини, бу ҳақида афсусланишини билдирди. «3,5 йил ишлаган бўлсам, давлатнинг бир сўм пулига ҳам хиёнат қилганим йўқ», — деди у.
Мазкур фикрлар юзасидан ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам ўз муносабатларини билдиришди.
«Сафар» телеграм-канали «Ортиқхўжаев учун, ўзига афилланган корхоналар тендерсиз, ёки оммага номаълум бўлган йўллар билан керак-керак бўлмаган жойларда, йўлларда қурилиш-реконструкцияларни ютиб олаётгани, улар халқнинг яъни бюджетнинг пулидан молиялаштирилаётгани, бу тўғридан-тўғри чўнтакдан олинмагани учун хиёнат ҳисобланмасмикан?», дея савол қўймоқда.
«Ортиқхўжаевга корхоналари ишлаб чиқарадиган маҳсулотлари (электроника ва бошқалар) сабаб, импортга турли тўсиқлар қўйилиб, халқда танлов қолмасдан, аслида арзон бўлиши мумкин бўлган нарсаларни каррасига қимматга сотиб олаётгани халқнинг пулига хиёнат ҳисобланмасмикан. Гўёки аҳолига текинга ўрнатиб берилаётган газ ҳисоблагичлар учун бюджетдан пуллар ажратилиши ҳам давлатнинг пулига хиёнат ҳисобланмасмикан? Яна узоқ давом эттириш мумкин бу рўйхатни. Лекин Ортиқхўжаевнинг ҳақиқати бўйича у давлат пулига тўғридан-тўғри хиёнат қилмаган ва қайсидир маънода у ҳақ. Лекин гап шундаки, унга ҳеч ким тўғридан-тўғри давлат мулкига хиёнат қилиш ҳақида айблов қўймаган», — дея қўшимча қилинади постда.
Бобур Акмалов эса нормал жамиятда қонунлар ишлашини таъкидламоқда.
«Энди амалдор, бўлиб ҳам ҳоким шунақа гапирмаслиги керак-да! Ахир амалиётда биз Ортиқхўжаев билан боғлиқ қанча кейсларни кўриб турибмиз-ку. Бундай эмоционал нутқ жиддийликка, мансабдорга, қонун устуворлигига тўғри келадиган ҳолат эмас. Аҳоли савол бера олиши, ўзи яшаётган шаҳарда нималар бўлаётганини билиб туриши, муҳокама қилиш ва ўз сўзини айтишга ҳақли эканлигини наҳотки тушуниб етиш қийин бўлса? Маросим охирида эмоционал гаплардан — «савобни ошкор қилиш керак эканини тушундим», деган гапдан кўра «биз тушундик, жамоатчиликни эшитиш ва ҳисоблашиш керак экан», деган гапни кутгандим. Чунки шаҳар ҳамманики. Сиз, мен, у, анавилар ҳар бир қадамни билиши, ҳисобдорлик ва ўз фикри инобатга олинишини талаб қилишга ҳақли», — дея қўшимча қилади у.
Платформауз канали эса ёмонлик қидирилса чиқиб келаверишини айтди. «Аслида Ортиқхўжаев тўғри айтди, бу майдоннинг қурилгани 30 йилдан ошди. Атрофи, айниқса ерга ётқизилган плиткалар жуда тўкилиб кетганди. Шуни замонавий қилиб таъмирласа, монументга тегинмаса (майли, у ҳам санъат намунаси сифатида номоддий бойликка киради) нимаси ёмон?», — деб ёзади у.
«Ўйлашимча» канали Жаҳонгир Ортиқхўжаевга шу пайтгача яхши матбуот котиби, яхши имиджмейкер, яхши PR-менеджер етишмаганини айтди.
«Жаҳонгир Ортиқхўжаев фарзандлари билан қасам ичиб, давлатнинг бир тийин пулига хиёнат қилмаганини айтди. Жуда жиддий қасам. Шундай қасам ичадиган бошқа ҳоким, вазирлар борми? «Ҳалоллик вакцинаси»нинг таъсирини шу шаклда билиб олиш мумкин. Энди у бизнесмен одам, пули бор-да, дея баҳона қидиришса керак», — дея қўшимча қилади у.