Маълумки, юртимизда барча туман (шаҳар)лар миқиёсида ҳоким ёрдамчилари лавозимлари киритилиб, уларга тегишли тартибда номзодлар тайинланган эди.
Жорий йилнинг 16 феврал санасида қабул қилинган Ҳукумат қарорига асосан, Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ушбу низомга кўра, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилаётган Жамғарманинг ижрочи органи ҳисобланади.
Жамғарма маблағларидан:
ҳоким ёрдамчилари иш ҳақининг аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган қисмини компенсасия қилиш;
бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари учун турар жой ижараси харажатлари учун компенсасия тўлаш (БҲМнинг 2 баравари миқдорида – 540 минг сўм);
иш фаолиятида яхши натижаларга эришган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакилларини ҳар ойда мукофотлаш;
ўз шахсий автомобилидан фойдаланаётган республика вакилларининг транспорт харажатларини компенсасия қилиш;
республика вакилларининг бир ойда бир марта доимий яшаш жойига темир йўл транспортида бориб келиши учун компенсасия тўлаш (“эконом” тарифи бўйича харажатларнинг 100 фоизи, “бизнес” тарифи бўйича харажатларнинг 70 фоизи (самолётда учиш бундан мустасно);
йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган республика вакилларига ва ҳоким ёрдамчиларига ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун субсидия тўлаш (уй-жой қийматининг 50 фоизигача, бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган миқдорда);
“Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан мукофотланганларни тақдирлаш (БҲМнинг 5 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти – 1 млн 350 минг сўм) мақсадларида фойдаланилади.
Шу билан бир қаторда, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш ва баҳолаб бориш имконини берувчи “Онлайн маҳалла” электрон платформасига қараб қуйидаги миқдорларда ойлик мукофот пули тўланади:
қониқарли деб топилганда – ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида;
яхши деб топилганда – ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида;
аъло деб топилганда – ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида.