«Оммавий маданият»га қарши курашишдан олдин нимани ўрганишимиз керак?
Комила стюардессаликка ишга жойлашганидан кейин дастлаб уни Хитойга бориб келадиган самолётга «белгилашди». Шунақа «от бозори»да ишлаб турса, яхшилаб пишиса, озроқ вақтдан сўнг «ответственни» рейсларга ўтказиладиган бўлди.
Кетишда асосан хитойлар ва битта-ярим зиёлинамо ватандошлар учгани учун Комила бамайлихотир ишлади – йўловчиларга егулик, сув-пув улашиб борди. Борт бошлиғи Роза опа йўл-йўриқ кўрсатиб турди. Умуман олганда, кутилмаган ҳолатларсиз етиб боришди Пекинга.
Лекин қайтишда…
Қайтишда Комила ўзбекистонлик савдогарлар билан келди. «От бозори» нима эканини шунда билди. Аввало, йўловчиларнинг биронтаси билет бўйича ўз ўрнига ўтирмади. Камарларни тақиш ҳақидаги ихтиёрий-мажбурий буйруқ-илтимосни ҳам ҳеч ким писанд қилмади.
Самолёт ҳавога кўтарилиб, егулик ва ичимликлар тарқатилди. Бу ҳали энг сокин вазият эди. Идиш-товоқлар йиғиштириб олинганидан кейин салонни бир айланиб чиққан Комила катта писта қутисини олдига қўйиб олиб, бутун салонни писта ҳиди билан анқитиб, чиқир-чиқир қилаётган икки аёлга кўзи тушди. У ўзи писта чақишни умуман ёқтирмас, бу – маданиятсизлик белгиси, деб биларди. Дарҳол Роза опага арз-дод қилди.
– Эътибор берма, – деди Роза опа пинагини бузмасдан. – Улар – Заҳро билан Мағпират. Улар ўзи шунақа: доим писта чақиб учишади.
– Ахир, салон ифлосланиб кетяпти, ер тўла писта пўчоқ, ҳидиям тарқаляпти. Одамлар эътироз қилмайдими? – деди Комила ажабланиб.
– Майли, Тошкентда тозалаб юборишади.
Комила нима деярини билмай, чиқиндиларни саралашга тушиб кетди.
Йўл узоқ. Иши тугаганидан кейин салонга яна кўз ташлади. Бир одам учта ўриндиқнинг қўл-дасталарини юқори кўтариб қўйиб, ўзига хос «калавот» ясаб, узала тушганича уйқуни ураётган экан.
– Роза опа, ану биттаси учта сиденьяни олволиб, оёғини ечиб ташлаб (пойабзалини демоқчи), ётвопти. Ухлаяпти шекилли. Нима қиламиз?
– Ҳеч нарса қилмайсан, асалим, – Роза опа заррача ҳайратланмади. – У – Шокир. Учталик бўш қаторни топиб, ётволади доим. Ўтирса, грижаси безовта қиларкан. Шунинг учун ётиб кетади. Ухлаётгани йўқ. Просто кўзини юмиб ётибди.
Сал вақт ўтгандан кейин Комила нариги салонда одамлар уймалашиб турганига кўзи тушди. Бир финжонга қаҳва қуйди-да, йўловчига олиб бораётган киши бўлиб, тўдага яқинлашди. У ерда қий-чув авжида эди. Халқаро тоифадаги икки гроссмейстер шарақлатиб нарда ўйнар, атрофдагилар баланд-баланд овозда дам унисига, дам бунисига «болеть» қиларди.
Комилага самолёт ҳозир бир ёнга қийшайиб кетадигандек туюлди. У Роза опасининг ёнига чопди.
– Роза опа, анави ерда где-до ўн киши бир бурчакка тиқилиб олиб, нарда ўйнаётган икки одамни томоша қиляпти. Жойига ўтиришларини сўрайми?
– Қўйсанг-чи. Улар – Зойир ака билан Сурат ака. Қачон қарасанг, нарда ўйнашгани ўйнашган. Тошкентгача шарақлатиб боришади.
– Самолёт чап ёнга оғиб кетмайдими? Ҳамма уюлиб опти уларнинг тепасига.
– Йўўқ. Бизнинг самолётга бунақа нагрузкалар копейка. Уларнинг ишқибозлари кўп. Доим шунақа томоша қилиб келишади. Йўл узоқ-да, Комиш.
Комила боя айланганда сезмаган экан, нариги салоннинг бошқа бир бурчагида яна битта тўда шаклланиб қопти. Секин бориб қаради.
– Сенинг учта таппонинг ўттиз бўлса, менинг учта қарғам ўттиз бир. Мана бу тузни кўряпсанми? Ўйнашни ўрганвол, кейин мен билан ташлашасан! – дерди қартавозлардан бири.
– Ҳа энди бир қўлинг кеп қолди-да. Ўтган сафар сразу юз элликтага тушганинг эсингдан чиқиб кетдими? Суз, давай! – дерди рақиби.
Атрофдагилар «лекин даҳшат кўтарди», «ўттизтасига ишониб, катта тикворди-да ўзи», «бу сафар қизиқ ўйин бўлди», «Дамин вақтлироқ очиб юбориши керак эди» қабилида ҳар хил фикрларни билдириб, ўйинга коллектив шарҳ беришарди.
Комила яна Роза опасига борди.
– Ану ерда қимор ўйнашяпти. Бу тақиқланган нарса эмасми? Роза опа, командирга айтиш керак. Мелисага топшираман, деб қўрқитсин. Катта-катта пул тикишяпти. Долларда! Ўйинни тўхтатмаса бўлмайди. Жанжал чиқиб қолса, парвоз хавфсизлигига таъсир қилади.
– Ҳеч қанақа ишкал бўлмайди, хавотир олма. Улар – Дамин билан Содиқ. Доим ўйнашади. Бир гал униси, бир гал буниси кўтаради банкни. Ҳеч ҳам жанжаллашишмаган.
Комила ҳеч нарсага эътибор бермай, фақат ўзининг «функционал» вазифаларини бажариш, нима бўлганда ҳам беписанд бўлишга қарор қилди. Лекин бурчакдаги кичкина хоналардан бирига бир аёл ва бир эркак билла-билла кириб кетганини кўрганида яна алланечук аҳволга тушди. Ҳар бир салоннинг охирида унақа хоналардан иккитадан бор. Ҳаммаси бўш. Булар эса биттасига кириб кетди.
– Роза опа, энди бир нарса қилмасангиз бўлмайди. Нарда, қарта, писта, узала тушиб ётишларга, салон чиқиндихонага айланганига (дарҳақиқат, салонда писта пўчоғидан ташқари, йогурт қутилари, конфет қоғозлари, бир марталик стаканлар, рекламали қоғоз парчалари, хитойлик дўкондорларнинг ташриф қоғозлари, яна кўп бало полни тўлдирганди), ҳамма-ҳаммасига чидайман. Лекин ану ҳожатхонага бир эркак билан бир аёл кириб кетганига қандай қараб туриш мумкин?!
– У – …ноза, – деди Роза опа. – Самолётдаям бекор ўтирмайди. Эътибор берма. Ҳозир чиқиб, ўринларига ўтиришади. Главное – не волноваться по пустякам.
«Пустяк» деганлари шу бўлса, «мураккаби» қанақа бўлар экан, деб ўйлаб қолди Комила. Оммавий маданият-оммавий маданият деб, кўп гапиришади. Лекин омманинг маданияти ҳақида ҳеч кимса лом-мим демайди. Аслида аввал оммани маданиятли қилиш керак экан. Шунда оммавий маданият ўз-ўзидан йўқ бўларди, деб хулоса қилди у.
Самолёт Тошкентга қўнганидан кейин Комила тўғри раҳбарнинг олдига бориб, ўзини «цивильнироқ» рейсга ўтказишларини сўради. Раҳбар унга бу дастлабки шок ҳолати эканини, яна икки-уч марта Хитойга бориб келса, ўрганиб қолишини обдон уқтирди. «Европейски» ё «американски» рейсларга ўтиш учун камида икки-уч ой, бўлмаса, нақд ярим йил «от бозори»да ишлаб бериш кераклигини айтди.
Олти ойдан кейин Комиланинг кўзи пишиб кетди. У Хитойдан қайтаётган ишбилармонлар билан бизнес қилишни ўрганиб олди, Ўзбекистонга тасодифан юань билан келиб қолганларнинг пулларини доллар қилиб беришга ўтди. Қарта ва нарда ўйинларига пул тикиб, бир-икки сўм ишлашнинг йўлларини қилди. Раҳбар чақириб, «цивильни» рейсга ўтишни таклиф қилганида эса, «отказ» берди.
Буларнинг ҳаммасини мен Комила Роза опаси билан бир қаҳвахонада гаплашиб, эслашиб, ҳингиллашиб ўтирганда ўғринча эшитиб олганман. Ўшанда одамнинг маданиятини «оммавий маданият» эмас, омманинг маданияти ўзгартиради, деган хулосага келганман.
ЖУЛҚУНБОЙнинг жияни