Султон Ҳусайн Бойқаро қарийб қирқ йил тахтда ўтирган. Ўзидан анча ишлар қолдирган. Уларнинг қандай иш эканига баҳо бериш анча мураккаб.
Ундан ўн тўрт ўғил, ўн бир қиз қолган. Ўғилларининг каттаси Бадиуззамон мирзо, кейин Шоҳ Ғариб мирзо, Музаффар мирзо, Абулмуҳсин мирзо, Кепак мирзо (Муҳаммад Муҳсин), Абутуроб мирзо, Муҳаммад Ҳусайн мирзо, Фаридун Ҳусайн мирзо, Ҳайдар мирзо, Муҳаммад Маъсум мирзо, Фаррух Ҳусайн мирзо, Иброҳим Ҳусайн мирзо, Ибни Ҳусайн мирзо, Муҳаммад Қосим мирзо.
Ўғилларнинг беш нафари отаси тириклигидаёқ дунёдан ўтган.
Бу сулоланинг таназзули борасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур қуйидагиларни ёзган:
«Буни қарангки, Султон Ҳусайн мирзодек улуғ подшоҳининг бу ўн тўрт ўғлидан учтаси никоҳдаги аёлларидан туғилган эди. Фисқу фужур ўзида, ўғилларида ва эл-улуси орасида жуда кенг тарқалганди. Ушбуларнинг касофатидан, шундай улуғ хонадондан етти-саккиз йилда бир Муҳаммад Замон мирзодан ўзга ном ва нишон қолмади…»
Ҳусайн Бойқаронинг замондоши ва дўсти Алишер Навоий шундай маслакда бўлган эди: «Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот, Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик бирла от». Шу маслак асосида яшаган Навоий гарчи ҳаётида ёлғиз ўзи яшаб ўтган бўлса-да, кўп буюк мерос қолдира олганига ҳеч шубҳа йўқ.
…Тириклик саҳнида инсондан нима қолишини тафаккур қилиш учун шугина мисол етарли бўлса керак.