2248 километр йўлларда қарама-қарши йўналишларни ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмаган. 3571 километр пиёдалар йўлаги, 2337 километр велойўлак ташкил этилмаган, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларидан 2731 таси ёритилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Янги Ўзбекистон газетасига берган интервюсида маълум қилган.
Шунингдек, 1835 та жойда шовқин чизиқларини чизиш, 2904 та жойда сунъий нотекисликлар яратиш, 750 та светофор ўрнатиш зарурати мавжуд.
Бугун йўлларда 200 мингта йўл белгиси етишмайди, мавжуд 105 мингдан зиёди эса замонавий турдаги йўл белгиларига алмаштирилмаган. Маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги йўл ҳаракатини ташкил этиш, махсус ўрнатиш ва фойдаланиш бўлинмалари мавжуд эҳтиёжнинг атиги 50 фоизини таъминлаб бермоқда. Хусусан, 2019-2021 йилларда республика бўйича ўрнатилиши лозим бўлган 610 мингта йўл белгисидан 304 минг 775 таси талабга жавоб беради, холос. Бундан ташқари, аҳоли гавжум жойларда 25 та ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойини қуришга зарурат бор.
Очиқ айтиш керакки, аҳвол ачинарли. Хусусан, ҳозир фаолият юритаётган 1348 та ўқув ташкилотининг 745 тасида ўз биноси, 1277 тасида ўз ўқув автодроми йўқ. Уларнинг 41 фоизи ўқув-машқ автомобилидан ижара асосида фойдаланади.
Республикамиздаги 2752 та чорраҳанинг бор-йўғи 145 таси ёки 5 фоизи замонавий камералар билан жиҳозланган, холос. Бу эса йўл ҳаракатини ташкил этиш ва назорат қилиб бориш, чорраҳалардаги тирбандликлар тўғрисида маълумотларни олиш ҳамда бартараф этиш учун имкониятларни чеклаб қўймоқда. Шунинг учун бу соҳада энг илғор ҳисобланган Буюк Британия, Германия, Хитой, Сингапур, Жанубий Корея каби давлатлар тажрибаси ўрганиб чиқилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги йўл участкалари ва чорраҳаларини 1491 та ақлли светофор, 4473 та интеллектуал камера, тезликни назорат қилувчи 720 та қурилма билан жиҳозлаш зарур. Мазкур воситалар ҳокимликлар ёрдамида харид қилиниб ўрнатилган тақдирда худди Тошкент шаҳридаги каби Автомобиль ҳаракатини назорат қилиш ва кузатиб боришнинг ягона марказлашган ва компьютерлаштирилган бошқарув тизими ҳар бир вилоятда ташкил этилиб, интеграция қилинади, дея таъкидлаган вазир.
Аввалроқ Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов нега ОАВ дан узоқда?, номли мақола эълон қилган эдик.