Бир сурат бор. Ерда ётган бу суратда рақам тасвирланган. Унинг бир томонида турган одам рақамни 6 деб бақиради, иккинчиси эса 9 эканлигини зўр бериб таъкидлайди. Мутлақ ҳақ томонлар бўлмаган, ҳаммаси нуқтаи-назарларга боғлиқ бўлган баҳсларни шу сурат ифодалаб беради, яъни бу ерда ҳаммаси нисбий. Бугунги мулоҳазаларимиз ҳам мана шу суратга мисол бўла оладиган ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг муносабатларида турли йўллар билан жазолаш ҳақида.
Бу вазиятда ҳар икки томон ҳам боланинг яхши таълим олишини хоҳлайди, фақат бунинг учун дарёнинг икки томонидан туриб олиб, ўзини ҳақ деб билади. Яъни, бундай баҳсларда ҳамма ўзиникини маъқуллайверади.
Яқинда ижтимоий тармоқларда Учқўрғон туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактабининг 1-“в” синф раҳбари Шаҳноза Мадраҳимова ўқиш дарси пайтида синфдаги 6 нафар ўқувчи уй вазифасини тайёрламагани ва дафтарлари қолиб кетгани сабабли бундай ҳолат қайтарилмаслиги ва бошқа ўқувчиларга сабоқ бўлиши учун доска олдига чиқартириб, қолган ўқувчиларга “уят” деб гапиртириб, изза қилдирган. Бу жараёнларни ўзи уяли телефонига тасвирга олиб, икки нафар ўқувчи ота-онасининг Телеграмъига жўнатган.
Бу ҳолат тармоқларда тарқалиб, турли эътирозларга сабаб бўлгач, Шаҳноза Мадраҳимова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Кенг муҳокама марказига чиқиб олган бу мавзу ва улар остидаги юзлаб изоҳларда томонлар тенг иккига бўлиниб кетди ҳамда тортишув янада авжига чиқди. Кўпчилик болага нисбатан куч ишлатиш мутлақ мумкин эмаслигини таъкидласа, яна бир гуруҳ эса ўқитувчини ёқлайди.
Келинг, ана шу турли тоифадаги кишиларнинг аргументлари билан танишамиз:
Ижтимоий тармоқ фаолларидан бири ўз саҳифасида:
«Дарс қилмаган ўқувчини изза қилган ўқитувчини ишдан бўшатаверса, мактабнинг нима кераги бор? Ҳозирги пайтда аксарият ота оналар болалари тарбияси билан шуғулланмай қўйишган.Бир синфда 30 нафар ўқувчи бўлса,шундан атиги 10 -12 нафарининг ота онаси мажлисга қатнашади. Дарсга кеч қолган, келмаган, уйга берилган топшириқни бажармаган ўқувчини яна қандай тартибга чақиради устоз? Мактабда таълимни кучайтириш керак, деган талаб бўлаяптию,бу ерда ишлаётган ўқитувчини ишдан бўшатишаяпти. Таассуф» ,– дея ўқитувчиларга ҳам осон эмаслигини таъкидласа, бошқа биров эса:
«Бунақа аҳволда ўқитувчилар ўқувчига билим бергани эмас,фақат дарсда ширин гапириб чиқиб кетишади шекилли, оч қорним тинч қулоғим деб. Ўша ота-она фарзандини уйда тарбия қила олмагани, ўқита олмагани учун карантинда мактаб очилсин, безор бўлдик, доооод деб юборишди-ку» , «Ҳар бир ўқитувчининг ўз дарс ўтиш методи (услуби) бўлади, биз ўқиган вақтларда бажарилмаган вазифа учун бундан баттари бўлар эди. Ҳозирги кунда Европа ва глобаллашув(интернет, ижтимоий тармоклар) таъсирида одамлар дунёқараши ўзгариб кетяпти, ўқитувчини оқлаш ёки айблашдан йироқман, лекин бола тарбияси , ўқиши билан унинг ота-онаси(қариндошлари) шуғулланмаса, бефарқ бўлса, унда ким бу билан шуғулланади ? Бир марта дарс қилмаган бола кейинги сафар ҳам шундай қилмаслигига ким кафолат беради? Илм ва тарбия ёшликдан берилади, бола худди ёш кўчатга ўхшайди, агар қийшиқ ўсаётган бўлса, уни ўз вақтида ёнига текис ёғоч қўйиб тўғирламаса, кейин кеч бўлади», «Шунақа комментларни òқиганимда халқимизга индамас,бееътибор, болалар гаплашиб ўтирса ҳам пинагини бузмайдиган, дарсда телефон титкилаб кун ўтказадиган òқитувчи керакмикин деб òйлаб қоламанда», – бу каби фикрдаги ота- оналарнинг аксарияти устозларни ёқлаб чиқишади ва ишдан бўшатишга мутлақо қарши эканликларини билдиришади. Уларнинг кўпчилиги фарзанди устозларининг сўзига амал қилмаса, бемалол уриб жазолаш мумкинлигини ҳам айтиб ўтган.
Иккинчи гуруҳ эса бу каби ҳолатларга мутлақо қарши:
«Наҳотки бундай жазолаш — камситиш, яна буни видеога олиш ғалати бўлиб кўринмаяпти? Болаларга нисбатан катта нафратдан иборат эмасми бундай жазо? Шу нормал ҳолатми? Ҳозир ёдлаш эмас, тушуниб ўқиш, ўз фикрини шакллантириш йўналишида ўқитиш керак эмасми? Ўзингизнинг фарзандингизни шундай мазаҳ қилишса қандай қарар эдингиз?»
«Болалар ҳар хил, ҳар бир боланинг ўзига хос феъл -атвори, тарбияси борлигини эътиборсиз қолдиролмаймиз. Лекин бир нарса аниқки, жисмоний ёки психологик шаклга эга бўлган ҳар қандай зўравонлик бу – жиноят!Ҳеч қандай ҳолатда ҳам бундай ҳодисаларни эътиборсиз қолдирмаслик керак. Бу яна содир бўлиши мумкин ва энг муҳими, боланинг психологик ҳолатига салбий таъсир қилади, унинг ўзига бўлган ҳурматини пасайтиради», – дейди яна бир томон.
У тарзда бўладими ёки бу тарзда, нима бўлганда ҳам, таълим тизимини ислоҳ қилмасак, ёшларга яхшироқ таьлим бермасак бўлмайди. Акс ҳолда, бутун дунё бизга ҳам «уят-уят» қилиши тайин.
Шахруза Сатторова