Хабарингиз бор, собиқ Кинематография агентлиги бош директори, ЎзЭОАВМА собиқ раиси Фирдавс Абдухолиқов «Севимли» телеканали атрофидаги можаролардан сўнг манфаатлар тўқнашувида айбланиб, судга жавобгар сифатида жалб қилинган эди.
Аммо, у «соғлигида кузатилаётган муаммолар сабаб» 2 февралдаги суд мажлисига қатнаша олмаслигини маълум қилган.
Бугун, 21 февраль куни, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Кинематография агентлиги бош директори Ф. Абдухолиқовга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд қарори эълон қилинди.
Суд қарорига кўра Ф. Абдухаликов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 4-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида (8,1 млн. сўм) жарима жазоси тайинланди.
Маълумот учун, телеканал таъсис кенгаши раиси ҳисобланган Ф. Абдухолиқов «ўз ихтиёрига кўра» икки асосий лавозимидан ҳам – Кинематография агентлиги бош директори ҳамда ЎзЭОАВМА раисилигидан истеъфо берганди.