Мўйноқдан янгиликлар: 142 минг болага бепул тушлик, йўлга қўйиладиган авиақатнов

Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга ташриф буюргани хабар қилинганди.

Давлат раҳбари масъуллардан Қорақалпоғистонда мактаб ўқувчиларига бепул овқатлар берилаяптими деб сўради. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев ўқувчилар учун овқатлар берилаётганини тасдиқлаган.

Унинг сўзларига кўра, айни вақтда 142 минг нафар болалар бепул овқат билан таъминланмоқда. «Ҳатто баъзилари уйларига ҳам олиб кетяпти», — дейди у.

«Уйига олиб кетишса ҳам майли. Еса, кучли бўлса, соғлиғи тикланса бўлди. Насиб қилса, пулимиз кўпайгандан кейин уйларига ҳам қилиб берамиз. Бу ҳам ‘Қорақалпоғистон тажрибаси’ бўлди. Буни энди бошқа вилоятларда йўлга қўямиз. Ҳали юқори синф ўқувчиларига ҳам бу нарсани жорий этамиз», — деган Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари президент Мўйноққа ташрифи давомида Тошкент–Мўйноқ–Нукус йўналишида авиақатнов йўлга қўйилишини ҳам маълум қилди.