Ўзбекистонликлар учун эвакуация режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси хабар берди.
«Украинадаги вазият кескинлашгани ва фавқулодда ҳолат жорий этилганини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Украина ҳаво ҳудудининг ёпилишини инобатга олган ҳолда жўнаб кетиш йўналишлари ва жўнаб кетиш жойи ишлаб чиқилмоқда.
Мақбул эвакуация йўналишлари бўйича масалалар учинчи давлатларнинг манфаатдор хизматлари билан келишилган сари, Ўзбекистон фуқаролари Элчихонанинг www.uzbekistan.org.ua сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларида қўшимча равишда хабардор қилинади.
Украинадан чиқиб кетишни хоҳловчи Ўзбекистоннинг барча фуқаролари паспорт маълумотларини Элчихонанинг embassy@uzbekistan.org.ua электрон манзилига юборишлари сўралади.
Украинада бўлган Ўзбекистон фуқароларидан хотиржамликни сақлашларини ва қўшимча саволлар туғилганда Элчихона билан алоқада бўлишларини сўраймиз», — дейилади элчихона мурожаатида.