Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида боғча тарбиячилари кўп қаватли уйларнинг подъездини ювишга жалб қилингани ҳақида хабар берилганди. Вилоят бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Аниқланишича, фуқаролар кўп қаватли уйларнинг зинапояларини тозалаш ишларига мажбурий жалб этилган. Зарафшон шаҳар мактабгача таълим бўлими мудирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш)га асосан маъмурий жарима қўлланилган ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қонун бузилишларининг олдини олиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
«Ҳурматли юртдошлар, меҳнат муносабатларига оид мурожаатлар юзасидан Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, вазирликнинг 71-200-06-00 ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишингиз мумкин. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади», дейилади хабарда.