Украинадаги ҳамюртларимиз ҳақида ТИВ ахборот эълон қилди

Бугун, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Украина ва Россия ўртасидаги можаро юзасидан тақдири таҳликали бўлиб турган ҳамюртларимизни эвакуация қилиш ишлари борасида расмий ахборот берди.

Ахборотда ижтимоий тармоқларда Украина ОТМларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ертўлаларда қолишга мажбур бўлаётгани, уларга биринчи зарурий маҳсулотлар етишмай қолгани тўғрисида маълумотлар тарқалаётгани юзасидан муносабат билдирилган.
Муносабатга кўра, Ўзбекистоннинг Украинадаги Элчихонаси вазият қай даражада мураккаб бўлишидан қатъий назар ушбу мамлакатда бўлиб турган ватандошларимизни эвакуасия қилишни ташкил этиш бўйича кучайтирилган тартибда ишлаётганлиги, ипломатик миссия вакиллари юртдошларимиз билан доимий алоқа ўрнатиб, юзага келаётган масалаларни тезкорлик билан ҳал этаётганлиги келтирилган.

Харковда бўлиб турган Элчихона масъул ходими ўзбекистонлик талабалар билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг барча масалаларини ҳал этган.

Бундан ташқари, ТИВга кўра, элчихона ҳамда Украинадаги диаспорамиз вакиллари кўмагида Харков ва Запорожье шаҳарларида бўлиб турган ўзбекистонлик талабалар уч маҳал овқат билан таъминланмоқда. Шу билан бирга, Запорожье миллий университети раҳбарияти ҳам талабаларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Херсон, Хмелниский, Днепр ва Одесса шаҳарларида таҳсил олаётган талабалар масалалари диаспора кўмагида ҳал этилмоқда.

Айни пайтда Украина шаҳарлари ўртасидаги автомобил ва темир йўл алоқалари бутунлай фаолиятини тўхтатган. Бундай шароитда Украинанинг шарқий ва марказий вилоятларидан ватандошларни Полша билан чегарадош Лвов шаҳрига хавфсиз етказишни ташкил этишнинг вақтинча иложи бўлмаяпти.

Аммо мана шу каби жиддий хавф-хатарлар бўлишига қарамай, бир гуруҳ талабалар уларни зудлик билан эвакуасия қилишни талаб этаётгани айтилмоқда.

Шу билан бирга, Элчихона яқин кунларда Ўзбекистон фуқароларини Украинадан хавфсиз олиб чиқиш учун барча зарур чораларни кўраётганини маълум қилган Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Мавзуга оид: