Украинанинг урушда асир олинган ва ўлган аскарларни идентификация қилиш билан шуғулланувчи Telegram каналларида Россия томонидан жанг қилган деб таҳмин қилинаётган Ўзбекистон фуқаросининг паспорт маълумотлари тарқалди. Блогер Нурбек Алимов мазкур масала юзасидан суриштирув ўтказди.
Украинада қўлга олинган Ўзбекистонлик ким?
Бугун каналимизда Украинанинг урушда асир олинган ва ўлган аскарларни идентификация қилиш билан шуғулланувчи телеграм каналларида, Россия томонидан жанг қилган деб ишора қилинаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорт маълумотлари тарқалгани ҳақида айтиб ўтган эдик. Фуқаро Бозоров Адҳаммирза Ҳайитович. Наманганлик эди.
Бу йигит ким?
Ўша хабар чиққандан бери фактчекинг ва суриштирувлар билан шуғулландим. Ушбу йигитнинг ижтимоий тармоқларда 10 йил олдинги, ўша даврларда ривожланган Мой Мир даги суратлари ва профиллиарини ҳам топишга муваффақ бўлдим.
Бу йигит программист бўлган. У ўзбекистондаги кўплаб сайтларда ишлаган. Ҳаттоки 2014 йилда Миллий интернет танловининг “Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти акс этган энг яхши сайт” номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллаган.
Оз вақт Ўзбекистон Ахборот агентлиги Уза да ҳам фаолият олиб борган.
Бугунги кунда у Тошкентдаги Sales doctor фирмасида программист сифатида ишлаб келади.
Украинада нима қиляпти?
Бу йигит 23 февраль куни соат 15:25 да Ўзбекистон Хаво йўллари орқали Украинанинг Киев шаҳрига учган. Украинага инновацион товар ва сервисларни ривожлантиришга қаратилган платформа бўлмиш FMCG CLUB нинг таклифига биноан кетган. 24 февраль куни Киевда FMCG INDUSTRY FORUM 2022 бўлиб ўтиши керак эди. 27 февраль куни эса Тошкентга қайтишга чиптаси ҳам бўлган (Чипталар ва форумга таклифноманинг копияси менда бор) У билан бирга яна бир Ўзбекистон фуқароси Темур исмли программист йигит бўлган.
24 февральда уруш бошланиб кетгач қўлга олинган кўринади. Украина шаҳарларида комендантлик соатлари жорий қилингани сабабли ва бундай вазиятларда хўл қуруқ тенг ёнишини инобатга олиб, бу йигит тушунмовчилик сабаб қўлга олинган деган тахминларимиз бор.
Қозоғистонда қўлга олинган ва террорист деб аталган қирғизистонлик қўшиқчи кейси ёдимиздан чиқмасин.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлардан сўраб қоламан, дипломатик каналлар орқали ушбу холатни тагига етайлик, ватандошларимизни тақдир қўлига ташлаб қўймайлик.