Гаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) бош прокурори Карим Хон Украина ҳудудидаги ҳуқуқбузарликларни тергов қилишни «имкон қадар тезроқ» бошлаш ҳақидаги қарорини эълон қилди. Бу ҳақда суднинг веб-сайтида хабар берилди.
Хоннинг айтишича, у мавжуд маълумотларни кўриб чиққан ва «тергов бошлаш учун зарур сабаблар борлигини тасдиқлаган».
«Украинада 2013 йил охиридан бери ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар содир этилган, деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд. Мен ўз жамоамга далилларни тўплаш ва сақлаш имкониятларини ўрганишни буюрдим. Кейинги қадам терговни бошлаш учун суднинг дастлабки тергов палатасидан рухсат сўраш бўлади», — дейди Хон.
ХЖС БМТ тузилмаларига кирмайди, у 1998 йилда имзоланган Рим статутига мувофиқ ташкил этилган. Суд давлатларни эмас, балки шахсларни суд қилиш, ҳарбий, инсонийликка қарши жиноятлар учун эса жавобгарликка тортиш ваколатига эга.
Украина ва Россия 2000 йилда Рим статутини имзолаган, аммо ҳужжатни ратификация қилмаган. Бироқ Украина расмийлари ХЖСдан Украина шарқида ва Қримда содир этилгани айтилаётган жиноятлар бўйича суд юрисдикциясини тан олиш тўғрисида алоҳида аризалар билан иш қўзғатишни сўраган. 2020 йил охирида ХЖС Донбассдаги вазият бўйича дастлабки тергов тугагани ҳақида хабар берган.
Россия президенти Владимир Путин 2016 йилнинг ноябрида мамлакат ХЖСга аъзо бўлмаслиги ҳақидаги фармонни имзолаган. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков бу қарорни «миллий манфаатлар» билан изоҳлаган. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, Гаага суди «унга билдирилган умидларни оқламагани ва халқаро адолатнинг ҳақиқий мустақил, нуфузли органига айланмаганини» таъкидлаган.