Жаҳоннинг соҳибқиронлари

Қадимги Шарқ оғзаки, ҳам ёзма ижодида миф, афсона-ривоятлар кўп ўрин эгаллаган. Уларда кўплаб султонларнинг афсонавий ҳаётлари акс эттирилади. Жаҳонгирликда довруғи довонлар ошган буюк саркарда, йирик марказлашган давлат асосчи Амир Темурнинг машҳур унвонларидан бири – соҳибқиронлик. Ушбу номнинг маъноси кўплар томонидан турлича таснифланади. Аслида, бу ном билан боғлиқ тарихий фактлар борми? Ёки бу унвон ҳам афсонавий улуғворлик белгиси сифатида ишлатилган, холосми?

Соҳибқирон сўзи араб тилидан олинган бўлиб, ўзбекчада  саодатли, зафарли, ғолиб каби маʼноларни билдиради.  Илми нужум (астрология) ва афсоналарда — Зуҳра ва Муштарий ёки Зуҳра ва Қуёш сайёраларининг бирлашиши, яъни улар эклиптиканинг маълум бир даражасида тўқнаш келиши вақти – қирон даврида туғилган бола, бундай боланинг бахтли, улуғ мартабали бўлиши олдиндан башорат қилинган.  Яна бошқа маълумотларга кўра,  шарқ мамлакатларида, хусусан, Эрон ва Турон заминда қудратли ҳукмдор, жаҳонгир унвони. 

Амир Темурннинг шарафли унвони

Соҳибқиронликка лойиқ бўлган сиймолар ҳикоялар мазмунига кўра, жаҳоний салтанат эгаси бўлиш билан биргаликда жаҳоний маънавият соҳиби, умуман, комил инсон, баркамол шахс ҳам бўлиши лозимдир. Худди шунга муносиблар сони тарихий манбаларда ёзилишича, кўп бўлмаган, балки, бу номга саноқли сиймолар муяссар бўла олган.

Тарихий-бадиий асарларда соҳибқирони аъзам сифатида асосан беш нафар жаҳонгир султонлар ва улар сулоласи ҳақида маълумотлар берилган. Баъзи манбаларда олти нафар соҳибқирон ўтган, деб қайд этилади. Амир Темур ва унинг ворислари даври тарихига доир битилган асарларда, чунончи, Салоҳиддин Тошкандийнинг «Темурнома» асарида соҳибқиронлик ривояти ҳақида фикр билдирилиб, дунёда уч нафар соҳибқирон ўтганлиги қайд этилган. Унда «Соҳибқирон» сўзининг келиб чиқиш маъноси, этник хусусияти ҳақида ҳам фикр билдирилган. «Темур тузуклари»да, жумладан, «Темурнома» асарида ҳам «Соҳибқирон» сўзининг маъноси қуйидагича изоҳланади:

“Соҳибқирон – Амир Темурнинг лақабини англатган; бу сўз «соҳиб» ва «қирон» сўзларининг бирикувидан шаклланган; форс-тожикча «соҳиб» қисми туркий-ўзбекчада «эга» маъносини ифодалайди; арабча «қирон» сўзи эса илми нужумда икки шарофатли сайёра, Зуҳра (Венера) ва Муштарий (Юпитер) ўз ҳаракатида бир-бирига қараб яқинлашган ҳолатини «қирон буржи» ва уни бахт-саодат аломати, деб қаралган. Шу пайтда туғилган фарзанд тақдири бахт-саодатли инсон ёки буюк ҳукмрон бўлиши башорат қилинади. Умуман, Соҳибқирон – мазкур икки сайёра бир-бирига яқинлашган вақтда туғилган бахтиёр ҳукмрон ёки подшоҳ демакдир”.

«Темурнома»ни нашрга тайёрловчи олим Поён Равшанов қуйидагича маълумот беради:

“Икки сайёранинг – Зуҳал билан Муштарийнинг яқинлашуви даврида (Оллоҳ таоло шу соатда оламни яратган экан) туғилган ўғил соҳибқирон бўлар экан. Юлдузлар ҳаракатидаги бу ҳолат ҳар саккиз юз йилда такрорланар экан. Шундай пешонаси ярқираган зотлар Амир Темурга қадар иккита ўтган бўлиб, булар – Искандар Зулқарнайн ва Муҳаммад пайғамбар. Амир Темур Муҳаммад пайғамбардан сўнг саккиз юз йил ўтиб, учинчи соҳибқирон бўлиб туғилган экан. Тўғри, айрим тарихий асарларда, масалан, «Абдулланома» («Шараф-номаи шоҳий») асарида Ҳафиз Таниш Бухорий бу мундарижага Абдуллахон номини ҳам киритади”.

Бу каби фикрларни ҳисобга олсак, соҳибқиронликка муяссар бўлган подшоҳлар номи тарихий манбаларда жуда кўп кўрсатилган. Масалан, Алоуддин Отамалик Жуваний (1226–1283), Рашидуддин Фазлуллоҳ Ҳамадоний (тахминан 1247–1318), Ҳамидуллоҳ Мустофий Қазвиний (1281–1349) каби муаррихларнинг асарларида бир қанча ҳукмдорлар соҳибқирон номи билан тилга олинган.

Ушбу маълумотлар қаторида Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» асарида ҳам бу ҳақда баъзи фикрлар борлигини қайд этиш мумкин. Олимнинг асарида қадимий турк-мўғул авлодларидан бўлган, аниқроғи, Қаён ибн Элхон наслидан Бузанжархон ибн Аланқува ҳам соҳибқирон деб аталганлиги келтириб ўтилган. Мирзо Улуғбек ушбу маълумотни тарихий манбаларда айтилганлигини уқтириб, Бузанжар туғилган вақт («ҳижратдан кейинги 115 санада») қирон йилига тўғри келган, деган фикрни баён этади. Асарда соҳибқиронлик хислатлари мавжудлигини кўрсатиш мақсадида унинг фаолияти ҳақида анчагина фикр билдирилган. Жумладан, «Тўрт улус тарихи» асарида Чингизхон ҳам соҳибқирон подшоҳлар қаторида тилга олинади…

   Амир Темур билан Чингизхон аждодларининг боғлиқлиги ҳақида «Амир Темур аждодлари» рисоласида, жумладан, Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» асарида анчагина кенг фикрлар баён этилган. Соҳибқирон Амир Темурнинг дунёга келиш фаолияти эса Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома», Ҳофизи Абрўнинг «Зубдат ут-таворих Бойсунғурий», Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Фосиҳ Аҳмад Ҳавофийнинг «Мужмали фосиҳий», Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлай-ас-саъдайн», Ибн Арабшоҳнинг «Ажойиб ул-мақдур фи тарихи Таймур» каби тарихий-бадиий асарларида батафсил маълумотлар баён этилган.

Бизнингча, «Мўғулларнинг яширин тарихи», Абдулхайр Ҳамадонийнинг тўрт жилдлик «Жамиʼ ат-таворих», айниқса, Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» асарларидаги маълумотларнинг манбаи бирдир. Демак, Мирзо Улуғбек асарида келтирилган маълумотлар, уларнинг асарларида ҳам у ёки бу тарзда қайд этилган. Шунга қарамай, асосан уч нафар киши соҳибқиронликка муяссар бўлганлиги кўпчилик асарларда тан олинади.

Тарихнавис Салоҳиддин Тошкандийнинг «Темурнома» асарида Соҳибқирон Амир Темурнинг дунёга келиши ҳақидаги фикрлар қизиқарли бадиий ҳикоялар шаклида баён этилади. Масалан, ҳали дунёга келишга улгурмаган Амир Темур (онасининг қорнидалиги даври) ҳаётидаги қизиқарли эпизодлар, қуйидаги бадиий тарзда баён этилади: “Тегина бегим моҳни туғори яқин келган вақтда, Юкуна хоним бир кечаси туш кўрдиким, Тегина бегим моҳ этакидин Қуёш тулуʼ қилиб, машриқдин мағрибға боруб тамом оламни олди. Андин Ҳиндистон сариға майл қилди… Ўрнидин туруб отасидин қолган бир ғуломи, яъни қули бор эрди, оти Мойдун эди, они чақириб,… Юкун хоним айди: «Тегина бегимни тушумда андоғ кўрдум, бир таъбирға етук киши бўлса, ушбу тушни сўргил», деб воқеани баён қилди… Қул айди: «… Самарқанд вилоятида бир мағорада оти Сабулак ота деган киши ҳар қандай мушкул сўз бўлса ҳал қилур эрмиш» дегач, Мойдунни Сабулак ота сариға юборди… Сабулак ота айди:… «Тарихнинг етти юз ўтуз бешида бир ўғули соҳибқирон вужудга келадур. Гумон қилурман, тулуъи Кавкабнинг вақтиға қарағонда яқиндурким, ул ўғул онадин ер юзига туғулур соҳибқирон бўлиб, етти иқлимни олғай, анинг авлоди саккиз юз йил салтанат сурғай…» Юкун хонимға келиб баёни воқеа таъбирини айди. Анга рашк ўти шўла урди. Қулиға айдиким, «бир иш қилиб, Тегина бегим моҳни ўлдурайлук…».

Шу каби асарда Амир Темур дунёга келаётган йилида етти иқлим подшоҳлари (Рум Қайсари, Бағдод маликаси Дилшод хотун, шоҳ Шужў, Ҳиндистон беги ва подшоҳи Малик Раъно Баллихон, Фаранг подшоҳи, Хитой ва еттинчи Тотор-урус подшоҳлари ҳам худди шундай ташвишга тушганлар) Соҳибқирон туғилмасданоқ уни йўқ қилиш режасини тузганликлари ҳақида ҳикоялар берилган. Муаллиф ўз асарида Амир Темурнинг туғилиш куни, соатини юқорида қайд этилган воқеалар билан боғланишини, ўтмиш битикларидаги каби бадиий бўрттириш ёки тасодифий, деб қарамайди. Балки бу ҳодиса олдиндан башорат қилинган, деб қараб, Темур шахсиятини янада улуғлайди. Салоҳиддин Тошкандий мазкур асарида Соҳибқироннинг туғилиши билан боғлиқ афсона ва ривоятлардан Амир Темурнинг шахсиятини улуғлаш, унинг бошқа ҳукмдорлардан фарқли томонларини, ўзига хос буюк шахс эканлигини китобхон кўз ўнгида бадиий, таъсирчанлик билан ифодалай олган. Зеро, тарихчи олим Поён Равшанов таъкидлаганидек, бадиий адабиётда буюк тарихий шахслар ҳаётий фаолияти, уларнинг тақдири азалдан белгилаб қўйилганлиги анъанавий тарзда тавсиф этиб келинган. Бу анъана «Темурнома»да ҳам четлаб ўтилмаган. Чунки Амир Темур шахсияти ва унинг фаолияти нафақат Марказий Осиё тарихида, балки дунё тарихида из қолдиргандир

Жалол МИРЗОЗОДА

Мавзуга оид: