Айни дамда давлат раҳбари раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Асосий мавзу — ОТМлар талабалари ишлаб, даромад топишлари учун қўшимча имкониятлар яратиш.
Ҳозирги кунда мамлакатимиз олийгоҳларида 510 минг нафар талаба кундузги шаклда ўқимоқда (жами 820 минг нафар).
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ ректорлар, талабалар ўртасида суҳбат ва сўровномалар ўтказилди.
Талабаларнинг 100 минг нафарга яқини ишлаш ва қўшимча даромад топиш нияти борлигини билдирган.
Айниқса, улар орасида 7,5 минг чин етим ёки ногиронлиги бўлган ҳамда 4,5 минг нафар “дафтарлар”га киритилган талабалар бор.
«Бу рақамлар ҳақиқатда анча юқори. Шунинг учун ректорлар ҳар бир талаба билан ўзлари мулоқот қилиб, ҳақиқий ҳолатни билиш ва уларни банд қилишга шахсан масъул», деди давлатимиз раҳбари.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўринлари мавжуд.
“Қайси ҳоким ёки ректор бўш иш ўринларини таҳлил қилиб, талабаларни жойлаштириш бўйича ишлаган? Ҳозирча, бу саволга ижобий жавоб йўқ.
Ҳоким ва ректорлар, бир нарсани билинглар — ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш шарт», деди Президент йиғилишда.
Бу ишларни тизимли ташкил этиш учун Бош вазир бошчилигида республика комиссияси тузилиши белгиланди. Ҳокимлар ҳам ректорлар билан бирга ҳудудларда шундай комиссиялар ташкил этади.
Комиссия:
- вилоят ҳокимлари ва ректорлар билан бирга ҳар бир олийгоҳ кесимида “талабалар баланси”ни аниқлаб олади;
- вакант ўринларини таҳлил қилиб, ҳар бир вилоят бўйича 1, 2 ва 3-курс талабаларининг камида 30-40 фоизини ишга жойлаш чораларини кўради;
- битирувчи курслар талабаларини эса ҳоким, ректор ва корхоналар билан биргаликда келгусидаги иш жойини белгилаб олади ва уларни ҳақ тўланадиган 3-4 ойлик стажировкага юборади.
Давлатимиз раҳбари бу борада ташкил этилиши лозим бўлган ишларни белгилаб бермоқда.
Энг аввало, ОТМлардаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиш орқали уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар ҳамда ишлаб чиқаришлар ташкил этиш кераклиги таъкидланди.
Президент Фарғона давлат университети ва Андижон қишлоқ хўжалиги институтини мисол қилиб келтирди. Жумладан ФарДУда:
- умумий овқатланиш ва қурилиш корхоналари ташкил этилиб, уларда 125 нафар;
- адрас, миллий кийимлар, кулолчилик сехлари, доривор ўсимликлардан шифобахш дамламалар тайёрлашда 18 нафар;
- “Дўстлик”, “Оқбилол” агроучасткалари ва Қувасой шаҳридаги ўқув полигонларида чорвачилик, асаларичилик, гулчилик, анорчилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ҳамда биогумус етиштириш йўлга қўйилиб, 36 нафар талабанинг бандлиги таъминланган.