Янги қўмита, университет, фонд ва хорижга юбориладиган талаба-қизлар – хотин-қизлар ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлади

Бугун Президент раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган селектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда соҳадаги қатор долзарб масалалар кўтарилди. Жумладан, хотин-қизлар таълим олишини яхшилаш, уларнинг турмуш тарзини юксалтириш, ҳаётда ўз ўрнини топа олиши, ўз-ўзини банд қилиши учун шароитлар яратиб бериш жараёнида кузатилган нуқсонлар санаб ўтилиб, тизимни янада такомиллаштириш бўйича зарурий чоралар ҳамда таклифлар берилди. Улардан бир неча асосий қисмини сизнинг ҳукмингизга ҳавола этамиз:

2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан кафолатли тўлаб берадиган тизим яратилади. Энди, уларга ҳам 4 ойга 2 миллион сўм миқдорида бир марталик ҳомиладорлик нафақаси тўлаб берилади. Бу мақсадлар учун, бюджетдан 2022 йилда 200 миллиард сўм, 2023 йилда эса 1,7 триллион сўм йўналтирилади;

– эҳтиёжманд ёлғиз аёллар фарзандлари учун давлат боғчалари тўловлари бюджетдан қоплаб берилади;

– йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тўқимачилик кластерлари ва кечки сменада аксарият аёллар ишлайдиган корхоналар боғча ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи давлат томонидан тўлаб берилади;

– 27 минг нафар аёлнинг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган;

– 2022 йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилади;

– уй-жойга муҳтож 14 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловлари учун 500 минг сўмгача компенсация берилади;

– 2022 йилда республика бўйича 1 мингта ижтимоий уйлар сотиб олинади;

– вилоят ҳокимлари ушбу уйларнинг 700 тасини уй-жойга муҳтож ёлғиз аёлларга ижарага беради, ушбу хотин-қизлар касб-ҳунарга ўргатилади;

“Аёллар дафтари”да 630 мингдан зиёд хотин-қизлар рўйхатда турибди, улардан 200 минг нафари ишсиз ҳисобланади. 2021 йилда ишсиз аёллар ўртасида жиноятчилик 1,7 бараварга, 18-30 ёшдаги хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар эса 2 бараварга кўпайган. Булардан ташқари, оилада аёлларни хўрлаш, уларга зўравонлик қилиш ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари ҳали мавжуд;

Ўтган 2021 йилда 39 мингга яқин хотин-қизлар оилада эри, қайнонаси, келини томонидан зўравонлик бўлаётгани ҳақида профилактика инспекторларига мурожаат қилган.

Бу рақамлар 2020 йилга нисбатан 2,5 баравар кўп;

ҳар бир маҳалла кесимида амалга оширишни таъминлаш мақсадида бугун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этилди;

Қўмита раиси айни пайтда Бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритади.

Жойларда қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари эса ҳоким ўринбосари бўлади.

Янги қўмита Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармасини ўзи бошқаради.

9 минг 309 та маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосарлари лавозимлари ҳам қўмита тизимига ўтказилади ва ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинади;

– ҳоким ёрдамчиси камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратишга;

– ёшлар етакчиси ёшлар сиёсати ва ёшлар балансига;

– хотин-қизлар бўйича масъул эса, аёллар масаласи ва уларнинг дарду-ташвиши ишлашга жавоб беради.

Ушбу 3 та йўналиш бўйича, уларнинг аниқ молиявий маблағлари бўлади.

Маҳалла раиси ўз ҳудудида ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолиятини мувофиқлаштиради ва маҳаллада ўзаро ҳамжиҳатликда ишлашни таъминлайди.

Шунингдек, Президент Халқ қабулхоналарининг вазифалари ҳам энди шаҳар ва тумандан маҳаллага тушади, маҳаллабай фуқароларни қабул қилиб, уларнинг масалалари ечимига ёрдам беради.

Аёлларнинг саломатлигини тиклаш ва уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича 2022 йилда:

– қўшимча 6 минг нафар аёлларга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилади (2021 йилга нисбатан 5 баравар кўп). Бунга 100 миллиард сўм йўналтирилади;

– республика бўйича 10 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган хотин-қизлар реабилитация воситалари билан таъминланади;

– 3 миллион нафар хотин-қиз онкологик скринингдан ўтказилади, бунинг учун бюджетдан 40 миллиард сўм маблағ ажратилади;

– 2022-2025 йилларда 227 та туғруқ комплекси ҳамда 46 та туманлараро перинатал марказлари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади;

– 9-12 ёшдаги ўсмир қизларни одам папилломаси вирусига қарши эмлаш ва бошқа 12 турдаги ваксиналар учун 200 миллиард сўм ажратилади;

– туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола парваришидаги аёлларни дори ва витаминлар билан бепул таъминлаш кўлами кенгайтирилиб, маблағлар ҳажми 30 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача оширилади.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури қабул қилинади.

Дастур доирасида пойтахтда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Жойларда унинг техникумлари ҳам очилади.

Шунингдек, айни пайтда аёлларимиз улуши паст бўлган аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишидаги ОТМларда хотин-қиз талабалар улуши ҳозирги 24 фоиздан 40 фоизгача етказилади.

Бунинг учун ҳар йили хотин-қизларнинг талаба бўлишига квотанинг камида 50 фоизи аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишлари учун мақсадли ажратилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун, илк маротаба, 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади.

Бугунги кунда 290 мингдан зиёд оталарга фарзандлари учун алимент тўлаш юкланган.

172 минг нафари ўз фарзанди олдидаги мажбуриятини бажаришдан бош тортиб келмоқда. Алимент бўйича қарздорлик 115 миллиард сўмдан ошиб кетган. Ҳар бир вилоят ҳокими ўз рақамларини билади.

2021 йили Халқ қабулхоналарига алимент билан боғлиқ 70 мингга яқин мурожаат келиб тушган.

2022 йил 1 июлдан Мажбурий ижро бюросида “Алимент тўловлари” жамғармаси ташкил этилади ва унга дастлаб 50 миллиард сўм йўналтирилади.

Мазкур маблағлар уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган алиментларни тўлашга ажратилади ва кейинчалик бюро томонидан ундириб олинади.

Янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади (23 минг нафар қизларга 200 миллиард сўм);

– ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилади;

– ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларнинг (жами 2,1 минг нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади;

– ёш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилади;- докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Мавзуга оид: