У ишсиз юрган кунларидан бирида “Майкрософт” компаниясига фаррош кераклиги ҳақида эшитиб, дарҳол айтилган манзилга етиб борди. Топширилган юмушларни чиройли бажариб, синовдан яхши ўтди. Бир муддатдан кейин у кадрлар бўлимида ўтирарди.
— Ишга қабул қилиндингиз. Бизга интернет манзилингизни қолдирсангиз, керакли ҳужжатлар рўйхатини юборамиз. Ҳужжатлар расмийлаштирилгач, ишни қачондан бошлашингизни ҳам интернет орқали маълум қиламиз.
Бироқ унинг компьютери ҳам, электрон манзили ҳам йўқ эканини эшитгач, афсуслар билдириб дейишдики: “Шундай замонда кишининг интернет манзили бўлмаслиги мумкинми? Интернет манзили бўлмаган одамнинг ўзи йўқ, бинобарин, ўзи йўқ бўлган кишини қандай ишга олиш мумкин?”
Бу сўзлардан кейин умидсизланиб туриб қолди. Ташқарига чиққач, нима қилишини билмай магазинга кирди ва миясига келган фикрдан қувониб кетди. Ёнидаги бор пулини санади – ўн кило помидор олса бўлади. Шундай қилди ҳам. Устига озгина нарх қўйиб, уйма-уй юриб, бир пасда помидорларни сотиб бўлди. Шу куни кечга бориб пули олти баробарга кўпайди. Ишни шу тарзда давом эттириб, озроқ сармоя йиғди. Аввал автомашина олди, кейин уни юк машинаси билан алмаштирди. Шундай қилиб, оз муддат ичида озиқ-овқат маҳсулотларини ташувчи юк машиналари ширкати эгасига айланди. Беш йилдан кейин эса, у бошчилигидаги ширкат дунё бўйича довруқ қозонди.
Бойлиги ортиб бораётган шундай кунлардан бирида кўп мулоҳазалардан сўнг оиласини, мол-мулкини суғурта қилдиришга қарор қилди. Суғурта компанияси вакили билан шартнома тузаркан, суғуртачи натижаларни жўнатиш учун интернет манзилини сўради. У худди бир неча йиллар аввал компания ходимига берган жавобини такрорлади: “Менинг интернет манзилим йўқ”.
— Бўлиши мумкин эмас, — деди суғуртачи. Кейин яна қўшиб қўйди: — Шундай бадавлат, катта обрў эгаси бўлган сиздек одамнинг электрон манзили ҳам бўлсайди…
— Унда “Майкрософт” компаниясида фаррош бўлардим, — деди у.