Уй ҳайвонлари, айниқса, ит ва мушуклар одамларнинг яқин ҳамда меҳрибон дўсти, деган жумла кўпчиликка таниш. Шу боис ҳам ўзбек оилаларининг аксарияти ўз хонадонида кучук ёки мушук боқишга одатланган.Бироқ сўнгги вақтларда айрим кишиларнинг бу жонзотларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишлари жамоатчилик эътирозига сабаб бўлмоқда. Бошпанасиз жониворларнинг кўпайиб бораётгани ва уларга етарлича эътибор берилмаётгани янада ачинарли.
Масалан, Испанияда ҳайвонлар ҳуқуқини инсон ҳуқуқлари билан тенглаштирувчи қонун қабул қилинди.
Маълум қилинишича, янги қонун уй ҳайвонларига ҳам, ёввойи ҳайвонларга ҳам тегишли ҳисобланади. «Ҳар қандай ҳайвонни эндиликда ушлаш, ташлаб кетиш, шунингдек, унга ёмон муносабатда бўлиш тақиқланади. Ҳар йили 200 минг ҳайвон ташлаб кетиладиган мамлакатда бу маънавий ғалабадир», —дейди қонун тарафдорлари ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик энди одамларга нисбатан шафқатсизлик сифатида баҳоланишини қўшимча қилган ҳолда.
Шунингдек, агар ҳайвоннинг жароҳати унинг ўлимига ёки жисмоний-руҳий саломатлиги жиддий ёмонлашишига олиб келадиган бўлса, айбдор худди одамга зарар етказилгандаги каби қонун доирасида тўлиқ жавоб беради.
Келтирилишича, қонун узоқ вақт давомида маъқулланган, бу ғоя биринчи марта 2017 йилда айтилган, бироқ ички сиёсий нотинчлик ва бошқа сабаблар билан эътиборсиз қолган. Фақат 2021 йилнинг апрель ойида бу ташаббус конгресга тақдим этилган бўлиб, уни ўта ўнгчи — «Vox» партиясидан ташқари барча партиялар қўллаб-қувватлаган. Сентябрь ойида қонун Испания юқори палатаси ва Сенат томонидан маъқулланган.
Аввалроқ Эронда аҳолига уйида ит ва мушук боқиш тақиқланиши мумкинлиги хабар берилганди. Шунингдек, Қозоғистонда итлар жанги тақиқланиши маълум қилинган ҳамда Жанубий Корея президенти мамлакатда ит гўшти ейишни тақиқлашни таклиф қилган.Истанбулда эса совуқ ҳавода кўча итларига метро ичкарисида ва дўконларда ухлаб, исинишига рухсат берилар экан.
Улар одамлардан кўча ҳайвонларини ҳурмат қилишни талаб қиладилар. Ҳайвонлар мунтазам озиқланади, эмланади ва давлат томонидан ҳимоя қилинади. Жамоат жойларида эса ҳайвонлар одамларга дўст эканлиги ҳақида ёзувлар мавжуд.
Ўзбекистондачи? Бу ердаги аҳвол ўзингизга маълум. Жамиятимизда жониворларга муносабат яхши эмас, “Қизил китоб”га киритирилган ноёб жонзотларнинг браконерлар томонидан тажовузга учраётгани, уйсиз жониворларнинг оммавий заҳарланаётгани, айрим ўринларда қўчқор, хўроз уриштириш, итлар жангги ҳамон барҳам топмагани қулоғингизга чалинади.
Фарғона вилоятида итлар оммавий ўлдирилгани, чиқиндихонада ўнлаб ҳайвонлар отиб ташланиши, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида мушукларнинг куйдирилиши каби ҳолатларни кўриб, ешитиб, инсон шунчалик вахший бўлиши мумкинми деб ўйлаб қоласан киши.Ҳатто цирк томошалари ортида ҳайвонларнинг қийноқлари ётганини рад этиб бўлмайди.
Биргина мисол,йилига қанча бошпанасиз ит, мушуклар тутиб олиниши ва ўлдирилиши ҳақида статистик маълумотлар олиш мақсадида анча изланишга тўғри келди. Бироқ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ҳамда Статистика қўмиталари вакиллари дайди жонзотлар тақдири билан шуғулланмаслиги боис маълумот йўқлигини қайд этди.
Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари фақат шаҳар, туман ҳокимликларига бўйсунади. Улар бу бўйича на вилоят, на Республикадаги бирор ташкилотга ҳисоб беради. Кўриб турганингиздек, қонунчилигимиз экологик ҳуқуқбузарликларга, айниқса жониворларга озор берганларга нисбатан жуда “юмшоқ” муомалада. Бу эса қаровсиз қолган ҳайвонларнинг озорланишига сабаб бўлаверади.
Шахруза Сатторова