540 грамм вазнда туғилган чақалоқнинг ҳаёти сақлаб қолинди — ОАВ

Арманистонда атиги 540 грамм вазнда туғилган чақалоқ ҳаёти сақлаб қолинди. Чақалоқ Ереванга оғир аҳволда олиб келинган. Бу ҳақда МИР24 маълум қилди.

Ванадзор шаҳрида 23-ҳафтада одам кафтидек бўлган чақалоқ дунёга келди. Кичкина чақалоқни қутқариш учун уни зудлик билан Ереванга олиб келишган. Бола 137 кунни Маргарён туғруқхонасида ўтказди, бир ой давомида махсус қурилма ёрдамида нафас олди.

“Ҳаммаси яхши эди, кейинги воқеалар жуда тез содир бўлди. Табиий туғилиш бошланди, мен туғдим. Худо уни қутқарди, бизга ҳаёт берди. Уни бу ерга олиб келишди, кўп қийинчиликлар бўлди. Аммо шифокорларимизга раҳмат, уни сақлаб қолиш учун қўлидан келган барча ишни қилишди”, — дея таъкидлаган чақалоқнинг онаси Мария Чичева.

Бу Чичевлар оиласидаги тўртинчи фарзанд, аёлда илгари бундай асоратлар бўлмаган. Аммо туғруқ пайтида акушерлар йўлдошдан ажралган, дея ташхис қўйишган. Бундай вазиятларда чақалоқлар камдан-кам ҳолларда омон қоладилар. Шифокорлар имконсиз нарсани қилишга муваффақ бўлишди. Бугунги кунда Андрейнинг вазни 3,5 килограмм, бўйи 49 сантиметр.

“Бу вақт давомида бола шифокорларнинг диққат марказида эди. Кардиологлар, офталмологлар чақалоқ билан ишладилар, улар барча скринингларни ўтказдилар. Унинг аҳволи яхши, шунинг учун уни бемалол уйига юборишимиз мумкин”, — деган Арманистон соғлиқни сақлаш вазири Анаит Аванесян.

Кетишга руҳсат берилганидан кейин шифокорлар яна бир йил давомида чақалоқнинг соғлиғини кузатишда давом этадилар. Ҳозир ушбу туғруқхонада камида 700 грамм вазнли яна саккиз нафар чақалоқ парваришланмоқда.