“Биз Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузига жавобан санкцияларни кучайтиришда давом этамиз. Биз санкция рўйхатига яна 160 кишини киритамиз: олигархлар ва Федерация кенгаши аъзолари”, — деб ёзди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Лейен Twitter’да.
Еврокомиссия баёнотига кўра, ўзини ўзи эълон қилган айирмачи КХР ва ЛХР билан дўстлик шартномаларини ратификация қилишга қарор қилган 14 нафар россиялик тадбиркор, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ва Федерация Кенгашининг 146 нафар аъзоси янги чекловлар остида қолади.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Беларус Марказий банкининг транзакцияларига чекловлар қўяди ва евро етказиб беришни тўхтатади, шунингдек, Белагропромбанк, Беларус Республикаси тараққиёт банки, Dabrabayt банки ва уларнинг шўба корхоналарини SWIFT халқаро пул ўтказмалари тизимидан узиб қўяди.
Европа Иттифоқи 12 апрелдан Беларус давлат компаниялари акцияларини Европа фонд биржаларида жойлаштиришни тақиқлайди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Беларус фуқаролари ёки мамлакат резидентларига Европа банкларида 100 минг евродан ортиқ маблағни сақлаш ва еврооблигациялар билан савдо қилишни тақиқлайди.