Бахмал туманида 11 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз кредит расмийлаштириб олган фуқаро ва банк ходими аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бахмал туман бўлими хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бахмал туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро А.Н. бошқа бир фуқаро А.нинг номига якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиб, тумандаги банк филиалидан унинг хабардорлигисиз 50,5 млн сўм онлайн кредит олганлиги, шунингдек, банк филиали ходими билан ўзаро тил бириктириб, 11 нафар фуқаро номига имтиёзли кредит расмийлаштириб, жами 368 млн сўм кредит маблағини талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.