Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Мажлисда сенаторларнинг Украинадаги вазият, ватандошларимизни Ўзбекистонга олиб келиш ишлари юзасидан берилган саволига вазир Абдулазиз Комилов қуйидагиларни таъкидлади:
— Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотмоқда. Ўзбекистон вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори. Бунинг учун, биринчи навбатда, ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур.
Ўзбекистон тарихан ҳам Россия Федерацияси билан, ҳам Украина билан анъанавий кўп қиррали алоқаларга эга. Россия ташқи иқтисодий фаолиятдаги йирик ҳамкоримиз ҳисобланади. Украина ҳам фаол ҳамкор давлатларимиздан биридир. Биз ҳар икки мамлакатлар билан ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттирамиз.
Ўзбекистон Украина давлатининг мустақиллигини, суверенитетини тан оладди. Мамлакатимиз ҳеч қандай блокларга қўшилмайди.
Россияга қўлланилаётган санкциялар Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бу борада салбий таъсирларни юмшатиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан чоралар кўриш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Украинадаги ҳамюртларимизни юртимизга кўчириб олиб келиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Бунда Украина ва Польша давлатидаги элчихоналаримиз, айниқса, Польша давлати Президенти томонидан ёрдам берилмоқда.
Шу вақтгача Украинадаги ватандошларимизнинг 6 минга яқини олиб келинди. Яна 300га яқини Украинада бўлиб турибди, уларни ҳам хавфсизлигини таъминлаган ҳолда юртимизга олиб келиш чоралари кўрилмоқда.
Украинадан ватандошларимизни олиб келиш осон бўлгани йўқ. Бошқа ҳудуд орқали олиб ўтиш масаласи турибди. Ҳар бир ҳудуднинг ўз хўжайинлари бўлади. Улар билан келишиш осон масала эмас. Биз имкон қадар ватандошларимизни хавфсиз ҳолда қайтариб олиб келишга ҳаракат қиляпмиз.