Март ойининг биринчи ярмида Россиядан пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайди, деди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов. У пул ўтказмаларининг қисқариши аҳоли даромадлари ва уларнинг кредит тўлаш қобилиятига таъсир қилиши мумкинлигини тан олди.
Дарҳақиқат, февралнинг дастлабки 9 куни билан солиштирганда мартнинг 9 кунида Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари ҳажми ўртача 2 баробаргача қисқарган.
Хусусан, Россиядан келаётган ўтказмалар ҳажми 4-5 баробаргача, Қозоғистондан келаётган ўтказмалар 40-50%гача камайган. Украинадан пул ўтказмалари келиши амалда тўхтаб қолган.
Айни вақтда АҚШ, Корея, Туркиядан пул ўтказмалари сезиларли даражада ошган. Охирги кунларда Ўзбекистонга келаётган пул ўтказмалари бўйича АҚШдаги ватандошларимиз томонидан юборилаётган ўтказмалар сони ва ҳажми биринчи ўринга чиққан.
Аҳолимизнинг умумий даромадлари таркибига назар ташлайдиган бўлсак, республика ташқарисидан келиб тушадиган пул ўтказмалари аҳоли умумий даромадларининг тахминан 15−16% ни ташкил қилишини кўрамиз.
Бир қатор вилоятларда — энг кўп Хоразм (27,1 фоиз), Самарқанд (25,3 фоиз), Андижон (22,2 фоиз), Сурхондарё (21,6 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (20%) хориждан пул ўтказмалари аҳоли умумий даромадларида салмоқли улушни эгаллайди. Ўтказмаларнинг қисқариши, агар уларда кредитлар (ипотека, истеъмолчи ва бошқалар) бўлса, уларнинг тўлов интизомига таъсир қилиши мумкин. 2021 йилда меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга 8,1 млрд доллар (+34 фоиз) жўнатган, бироқ Жаҳон банки экспертлари Россиядаги иқтисодий вазият туфайли бу ҳажмлар 2022 йилда 21 фоизга қисқаришини кутмоқда.
Кўриб турганимиздек, бу вилоятлар ва умуман мамлакат аҳолиси даромадларининг катта қисми Россияда ва рублда олинадиган даромадларга боғланган.
Шахруза Сатторова