Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ер майдонларини сотмоқчи бўлган фирибгарлар ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Навоий вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Р.А.га ўзига ижара шартномасига асосан Томди давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан ажратилган 200 гектар чорвачиликка мўлжалланган яйлов ер майдонини фуқаро А.Т.га 250 млн сўмга фирибгарлик йўли билан сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Бандихон туман бўлими томонидан ДХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси билан ўтказилган тезкор тадбирда, Жарқўрғон тумани ирригация бўлими ходими Х.А. фуқаро У.га туман ҳокимлиги захирасидаги 15 сотих ер майдонини 60 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Худди шундай, Департамент ҳамда ДХХнинг Шўрчи тумани бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро У.Э. “Б.В.” хусусий корхонаси раҳбари Б.га ўзини туман ҳокимлиги ходими сифатида таништириб, унга аукцион савдоларисиз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун саноат зонасидан 5 сотих ер майдонини 1 200 АҚШ доллари эвазига олиб беришни ваъда қилиб, шундан 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.