Андижон вилояти Хўжаобод туманида ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимининг яқин одами деб таништирган шахслар фарзанди жавобгарликка тортилган онадан пул ундирмоқчи бўлди. Бу ҳақда Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Хўжаобод туманида яшовчи фуқаро ўзининг қурилиши тугалланмаган ҳовлисида ноқонуний хўроз уруштириш ўйингоҳи ташкил қилган. Келган одамлардан 10 мингдан сўм йиғиб юрган. Фуқаро Андижон вилояти ИИБ ходимлари томонидан ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шу орада номаълум шахс айбланувчининг онасига телефон қилиб, ўғлининг таниши эканини, тергов органларида ишловчи танишлари орқали боласини озодликка чиқариб беришини айтган. Эвазига 6 минг доллар сўраган. Она бундан шубҳаланиб, шахсий хавфсизлик бўйича Андижон вилояти бошқармасига мурожаат қилган.
Аризага асосан ходимлар тезкор тадбир ўтказган. Унда телефон орқали суҳбатлашган шахс аёлнинг хонадонига келиб, 3 минг доллар олаётганда ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди, 28,211-моддаси 1-қисми (пора беришга далолат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.