Япония Украинадаги вазият ва давом этаётган ҳарбий амалиёт туфайли Россиянинг 81 та ташкилотига янги санкциялар пакетини жорий қилди. Бу ҳақда жума куни Япония ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Рўйхатга яна 25 нафар россиялик, жумладан Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков ва унинг рафиқаси Татяна Навка, ВЕБ.РФ давлат тараққиёт корпорацияси раиси Игор Шувалов ва “Северстал” раҳбари Алексей Мордашов киритилган.
Таъкидланишича, чекловлар Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг қариндошлари, президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко, тадбиркорлар Ротенбергга ҳам таъсир кўрсатган.
Украинада махсус операция бошланганидан кейин Япония аллақачон Россияга қарши бир нечта санкциялар пакетини жорий қилганди.
Бундан ташқари, жорий йил 25-март куни Япония расмийлари Россияга юқорига қийматга эга бўлган товарлар экспортини тақиқлашини эълон қилди. Бироқ бу рўйхат ҳалиҳануз тасдиқланмаган.
Маълумот учун, экспорти тақиқланган товарлар ва технологиялар рўйхатига 300 дан ортиқ ном остидаги ярим ўтказгичлар, денгиз ва авиация хавфсизлигини таъминлаш учун ускуналар, телекоммуникациялар, алоқа воситалари, ҳарбий маҳсулотлар, жумладан, қурол-яроғ, дастурий таъминот, нефтни қайта ишлаш ускуналари киради. Бундан ташқари, Япония Откритие Банк, Новикомбанк, Совкомбанк, ВТБ, Россия Банк, Промсвязбанк ва ВЕБ.РФ активларини музлатиб қўйганди.