Андижонда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган савдо мажмуаси давлатга 1,5 млрд сўм зарар етказганлиги аниқланган

Андижон шаҳрида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган савдо мажмуаси аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” Андижон ҳудудий бўлимининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, “B.M.M.” МЧЖ масъул шахслари томонидан МЧЖга қарашли “N.M.” савдо мажмуасига ўрнатилган онлайн электрон ҳисоблагичнинг ҳимоя муҳрларини бузган ҳолда олиб ташлаб, ўрнига техник талабларга жавоб бермайдиган электр ҳисоблагични ўзбошимчалик билан ўрнатганлиги натижасида давлат ва жамият манфаатларига 1,5 млрд сўм зарар етказганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Андижон шаҳар ЭТК масъул шахслари “N.M.” савдо мажмуасига етказиб берилган 1 кВт. соат электр энергияси учун 1-тариф бўйича тўлов ундирилиши лозим бўлса-да, электрон ҳисоб дастурига 2-тариф бўйича тўлов амалга оширилиши ҳақида маълумот киритиб, давлат ва жамият манфаатларига 491,4 млн сўм зарар етказилишига сабабчи бўлганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.