ОТМга кириш имтиҳонида тартибни бузган абитуриентлар 5 йилдан 7 йилгача кириш имтиҳонида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Бу ҳақда Давлат тест маркази (ДТМ) директори Мажид Каримов маълум қилди.
Бугун, 29 март куни АОКАда матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Ҳозиргача кириш имтиҳонларида тартибни бузган, тақиқланган воситалардан фойдаланган абитуриентлар имтиҳондан четлаштирилади. Агар бундай хатолик назоратчилар томонидан қилинса, улар ҳам четлаштирилади. ДТМ базасида қоида бузган назоратчиларнинг рўйхати бор. Ҳар йили имтиҳонда назоратчи бўлиш учун ўқитувчилар рўйхати сўралади. Агар улар олдинги йилларда қоида бузган бўлса, бундай шахс назоратчиликка қўйилмайди. Лекин қоида бузган абитуриентларга ҳеч қандай қонуний чора кўра олмаймиз. Амалдаги норматив ҳужжатларга кўра, чора кўриш имкони бизда мавжуд эмас. Ҳар йили абитуриентларни имтиҳонга киритишда назорат тизимлари бор. Бармоқ изи, face-контрол орқали текширилади ва шу орқали улар қаттиқ назоратга олинади”, дейди Мажид Каримов.
Унинг сўзларига кўра, ДТМ Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда тақиқланган воситалардан фойдаланган абитуриентлар учун қонуний чоралар кўриш йўллари устида ишламоқда.
“Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан абитуриентларнинг имтиҳонда қатнашишини чеклаш масаласи кўриляпти. Бу борада халқаро тажриба ҳам ўрганилган. Тартибни бузган абитуриентлар 5-7 йилгача умуман кириш имтиҳонида иштирок этмаслиги, агар ОТМда ўқиса, талабаликдан четлаштириш масаласини норматив-ҳуқуқий жиҳатдан қонунийлаштириш йўлларини кўриб чиқяпмиз. Ҳали бу бўйича натижа олганимиз йўқ”, дея таъкидлади Каримов.