Тафаккур вақти: Охирги чора

Одамлар Ҳажжожни золимлиги учун ёмон кўрар, лекин ҳеч ким буни ўзига айтишга ботинмасди.

Бир куни Ҳажжож ўзи ҳақида одамлар қандай фикрда эканини билиш мақсадида кўчага чиқди. Йўлда бир чолга дуч келди. Ҳажжож ундан: “Бошлиқларингиз ҳақида фикрингиз қандай?” деб сўради.

Чол ҳеч нарсадан бехабар ҳолда саволга ошкора жавоб берди: “Улар кўзи очиқ золим ва мустабиддир”. Ҳажжож бу фикрдан қониқмай яна сўради: “Бошлиғингиз Ҳажжож ҳақида фикрингиз қандай?” Чол жавоб берди: “У ёмон хислатли, бефазилат ва ёмон кишидир”.

Ҳажжож берган саволидан афсусланиб, чолга: “Менинг кимлигимни биласанми?” деди. Чол йўқ, деди. Ҳажжож: “Мен Ҳажжожман”, деди.

Шунда чолнинг авзойи ўзгариб: “Мен Зайд ибн Омирман. Ҳар куни бир марта шайтон йўлдан оздирганидан ақлим жойида бўлмайди, шунинг учун нима деяётганимни ўзим ҳам билмайман. Бу қилиғимни билгани учун одамлар мени айбламайди”, деди.

Ҳажжож уни қалтис ҳолатдан чиройли тарзда чиқиб кетгани учун афв этди.