Қозоғистонда чорва моллари: от, сигир ва қўйлар номаълум касаллик сабабли нобуд бўлмоқда. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.
Маълум қилинишича, Атирау вилоятининг тўртта йирик туманидан аллақачон ўнлаб ҳайвон нобуд бўлган. Фермерлар мазкур ҳолат февраль ойининг ўрталарида бошланганини қайд этган. Фермер хўжалиги вакили Айбар Ерекешов «Ойтан» деҳқон бирлашмасида 200 дан ортиқ қўй ва 10 бош қорамол номаълум касаллик қурбонига айланганини айтган.
«Ҳайвонлар ҳар куни нобуд бўлмоқда. Уларда оғиз ва бурундан кўпик келиши аломати кузатилмоқда. Умуман озиқланмаяпти», — деган у.
Касалликнинг аниқ сабаблари ҳали аниқланмаган, экспертларнинг фикрлари эса турлича. Айримлар бунга паразит ва куя сабаб бўлаётганини айтса, бошқалар ҳайвонларга етарлича парвариш берилмаётганини таъкидлаган. Вилоят ветеринария бошқармаси эса оммавий ўлим кузатилмаганини маълум қилган, бироқ видео мазкур ҳолат аксинча эканини кўрсатади.